Кутилган меҳмон! Германиядаги нуфузли журналда Мирзиёев ҳақида таҳлилий мақола чоп этилди

Жамият

image

Германияда чоп этиладиган оммабоп “Berliner Telegraph” журналининг декабрь ойидаги сонида Ўзбекистоннинг Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги замонавий тараққиётига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди.

Муаллиф, таниқли немис сиёсатшуноси Маттиас Дорнфельд “Ўзбекистоннинг янги имижи: очиқлик ва ҳамкорликка тайёрлик” сарлавҳали мақоласида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, республика раҳбариятининг ташқи ва минтақавий сиёсати ҳақида сўз юритган.

Мақолада Ўзбекистон Евроосиёнинг маркази ва Марказий Осиёдаги энг кўп аҳоли яшайдиган давлат сифатида минтақавий ҳамкорликда етакчиликни қўлга олишга уринаётгани таъкидланган.

“Марказий Осиёдаги аҳолиси энг кўп давлат раҳбарияти минтақавий ҳамкорликда етакчи ролни ўз зиммасига олиш кераклигини англади. Қўшни Қирғизистон ва Тожикистон билан минтақавий дарёларнинг қуйи қисмида жойлашган мамлакатларга, жумладан Ўзбекистонга сув етказиб бериш масаласидаги зиддиятлар ҳал қилинди. Икки томонлама чегарадан ўтиш пунктлари очилиб, қуруқлик ва ҳаво орқали транспорт алоқалари тикланди. Ўзбекистон минтақада умумий иқтисодий ривожланиш, хавфсизлик ва барқарорликка интилмоқда”, дея таъкидлайди сиёсатшунос.

Мақолада Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида қўшнилари билан муносабатларни яхшилаган Ўзбекистон шимолдаги қўшниси Қозоғистон билан Орол муаммосини ҳал қилишга ечим излаётгани, бунга халқаро ҳамжамиятни ҳам жалб қилишга уринаётгани айтиб ўтилган.

Муаллиф, шунингдек, Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича музораларда фавқулодда фаоллашганини қайд этган.

“2016 йилги Президент сайловидан сўнг Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан сиёсати янги туртки олди. У яхлит ёндашувга асослангани билан аҳамиятли. Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистон хавфсизлиги унинг давлати хавфсизлик масаласи ҳамдир ва Афғонистондаги тинчлик жараёни минтақавий ва глобал кун тартибида янада муҳим аҳамият касб этиши керак, деб ҳисоблайди”, дея қайд этган муаллиф.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Афғонистонга иқтисодий кўмак кўрсатаётгани ҳам айтиб ўтилган. Бу ўринда, мамлакат қўшнисини электр энергияси билан таъминлаётгани, Термиз ва Афғонистон шимолидаги Мозори Шариф ўртасидаги темир йўл алоқасини кенгайтиришда иштирок этаётгани ва янги темир йўл тармоқлари қурилишини тўла қўллаб-қувватлаётгани мисол қилиб кўрсатилган.

Нашр Мирзиёевнинг кўплаб ташаббуслари Германиянинг Европа Иттифоқи Кенгашига раислиги даврида қабул қилинган ЕИ Марказий Осиё стратегиясининг мақсад ва вазифаларига мос келишини қайд этган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий ислоҳотлари бошлангандан буён Европа Иттифоқига аъзо давлатлар, шу жумладан Германия Ўзбекистоннинг муҳим шериклари экани таъкидланган. Шу нуқтаи назардан, 2019 йил январь ойида Ўзбекистон раҳбарининг ГФРга муваффақиятли ташрифи, шунингдек, Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер  Штайнмайернинг ўша йил май ойида Ўзбекистонга жавоб ташрифи самарали бўлгани эсланади.

“Президент ва унинг Ҳукуматининг ўзбек жамияти манфаатлари йўлидаги истиқболли ислоҳотлари Германия тузилмалари томонидан қатъий қўллаб-қувватланмоқда”, дейилади материалда.

Маттиас Дорнфельд Ўзбекистонда халқаро ҳамжамият эътиборини тортадиган муҳим мавзуларда йирик конференциялар ўтказилаётганини ҳам айтиб ўтган.

У Марказий Осиё минтақаси билан Евроосиёнинг бошқа муҳим минтақалари ўртасидаги транспорт алоқаларини яхшилаш масалаларини ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилиш учун 2021 йилда Ўзбекистонда “Марказий ва Жанубий Осиё. Минтақавий алоқалар. Қийинчиликлар ва имкониятлар” мавзусида конференция ўтказиш режалаштирилганини қайд этган.

Мақолада Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурган таклифларига ҳам тўхтаб ўтилган. Хусусан, Ўзбекистон қашшоқликка қарши курашиш ташаббуси билан чиқани алоҳида таъкидланган. Шунингдек, республиканинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайлангани шу ўринда эслатиб кетилган.

“Шавкат Мирзиёев тўрт йил аввал Президент этиб сайланганидан буён Ўзбекистоннинг ташқи ва минтақавий сиёсати сезиларли даражада ўзгарди. Муҳим ислоҳотлар бошланди, мамлакат очилди ва халқаро ташкилотлар доирасида мунтазам равишда муҳим ташаббуслар ва сиёсий таклифларни илгари сурмоқда”, деб хулоса қилади Маттиас Дорнфельд.

Муаллифга кўра, Ғарбда Президент Шавкат Мирзиёев МДҲ маконидаги қатъий ислоҳотчи сифатида қабул қилинади ва, айниқса, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳақида гап кетганда, кутилган меҳмон сифатида эътироф этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

258

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг