"Кўп болали оила”ларда нечта фарзанд бўлади?
Жамият
−
19 Апрель 2020
20021COVID-19 пандемияси вақтида давлат томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш долзарб масаладир. Бу, айниқса, пандемия ортидан келаётган инқироз пайтида ўзининг салмоғини янада оширмоқда. Ижтимоий ёрдам берилиши зарур бўлган оилалардан бири кўп болали оилалар масаласида қонунчилик таҳлил қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Биринчидан, қонун ҳужжатларида “кўп болали оила” тушунчасига турлича мезонлар белгиланган, хусусан:
– ёш мезони – болани максимал ёш чегараси 16 ёшгача ва 18 ёшгача;
– бола сони – уч нафардан етти нафаргача.
Иккинчидан, ҳуқуқ нормаларининг ўзаро номувофиқлиги амалиётда уларни қўллашда ижтимоий адолат принципининг бузилишига шарт-шароит яратиб бермоқда.
Учинчидан, қонунчиликда “кўп болали оила” мезонлари турли хил белгиланганлиги боис, давлат томонидан берилаётган имтиёзлардан ҳақиқатда муҳтож бўлган оилаларнинг тенг ҳуқуқли равишда фойдаланиш имконияти мавжуд эмас.
Масалан:
– Cолиқ кодексининг 436-моддасига кўра, ота-онасидан бири ёки ота-онаси вафот этган ҳамда оилада ўн олти ёшга тўлмаган беш ва ундан ортиқ болалари бўлган кўп болали оилалар жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғидан озод этилиши кўрсатилган;
– Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга олиш, давлат уй-жой фондидаги турар-жойларни тақсимлаш
ва тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомда эса ўн олти ёшгача етти нафар ва ундан зиёд болалари бўлган кўп болали оилалар аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидан турар-жой бериладиган фуқаролар тоифасига киритилган.
Тўртинчидан, кўплаб хорижий давлатларда уларнинг ижтимоий-иқтисодий, демографик хусусиятларидан келиб чиқиб қонун ҳужжатларида “кўп болали оила” тушунчасининг ягона таърифи аниқ белгиланган.
Бешинчидан, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ҳамда
“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга кўра, бола деганда
ўн саккиз ёшга тўлгунга (вояга етгунга) қадар бўлган шахс тушунилади.
Юқоридагиларга асосланиб, Адлия вазирлиги томонидан “кўп болали оила” тушунчасининг аниқ мезонини белгилашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилган. Бунга кўра, Оила кодексига “кўп болали оила” тушунчасини киритиш, яъни ота-она ёки улардан бири билан бирга яшаётган 18 ёшга тўлмаган тўрт ва ундан ортиқ болалари бўлган оилалар кўп болали оилалар деб белгилаш ҳамда бошқа қонун ҳужжатларидаги “кўп болали оила” тушунчасини ушбу ягона мезонга мувофиқлаштириш таклиф этилмоқда.
“Таъкидлаш жоизки, “кўп болали оила” тушунчасининг аниқ мезони белгиланиши давлат ҳимоясига муҳтож кўп болали оилаларга ижтимоий адолат принципи асосида имтиёзлар берилишига, хусусан турар жой,
ер ажратиш, солиқ тўловлари ва бошқа бир қатор имтиёзлардан кенг фойдаланишга ҳуқуқий асос яратади ҳамда уларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади”, дейилади расмий хабарда.