Прокуратура тизимидаги порахўрлик буткул йўқ бўлдими? Бош прокурор нега жамоатчиликка таҳлилларни бермаяпти?
Жамият
−
31 Январь 2020
12112Хабарингиз бор, 2019 йилнинг 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори лавозимига Сенат раиси лавозимида ишлаб келаётган Ниғматилла Йўлдошевни тайинлаган эди. Президент Сенатнинг 20-ялпи мажлисида иштирок этиб, бутун прокуратура тизимини порахўрликда айблаганди.
Шавкат Мирзиёев янги Бош прокурорга прокуратура тизимини ислоҳ қилиш учун олти ой муҳлат берган эди. “Бунақа кетишда бўлса, прокуратура тизимини мутлақо қисқартириб юбораман, кўпроқ ваколатни Адлия тизимига бераман. Ниғматилла Йўлдошев олти ойдан кейин келиб, нимани ўзгартирганини айтишини, тизимни тозалашини, яхши таклифлар беришини кутаман”, деган эди давлат раҳбари.
Орадан олти оймас, етти ой вақт ўтди. Хўш, прокуратура органларида нима ўзгарди? Бу орада Сенат раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган Светлана Ортиқова ҳам Бош прокурорга ўринбосар бўлди. Сенатдан икки раҳбар олиб келингани билан прокуратурада нимадир ўзгардими? Агар ўзгариш бўлган бўлса, нима учун бу борадаги ҳисобот ҳамон тақдим этилмади? Нега тизимдаги ўзгаришлар ҳақида жамоатчиликка ахборот берилмаяпти? Нега прокуратура органлари устидан жамоатчилик назорати кучайтирилмаяпти?
Бугунгача Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссиясининг икки йиғилиши ўтказилди. Уларда Соғлиқни сақлаш ва олий таълим тизимидаги коррупцион ҳолатлар таҳлил қилинди. Хўш, прокуратура ходимлари билан боғлиқ коррупцион жиноятлар тафсилотлари қачон ёритилади? Улар қачон таҳлил қилинади? Қачон жамоатчиликка етказилади? Ё Президентнинг танқидидан кейин прокуратура тизимидаги коррупция буткул йўқ бўлиб кетдими? Хўш, бундан етти ой аввалги йиғилишда Президент нима деган эди?
“Мана, иккинчи прокурор ҳам коррупцияда айбланиб, жиноят иши очилди. Мен унга ишонгандим. Кимгадир ишониб, уни прокурор лавозимига қўйсаму у эртага бориб вилоят, тумандан 100-50 минг пора сўрайди. Прокуратуранинг ўзида прокурор бўладиган одам йўқ, улар тўда бўлиб кетган. Прокурорлар ҳам, солиқчилар ҳам ҳаммаси порахўр. Собиқ раҳбарлар Абдуллаев ҳам, Муродов ҳам катта муддат билан озодликдан маҳрум этилади”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Президент Отабек Муродов ҳақидаги фикрларини давом эттираркан, уларнинг иш бошламасидан порахўрликка берилишини танқид қилди.
“Кимгадир амал бераман, у эса пора олади, 20 хоналик уй қуради. Шу уйнинг бор-йўғи иккита хонасида яшайди. Нима керак пора олиб?”
Давлат раҳбари жорий йилнинг 24 январь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаган мурожаатномасида мамлакатда коррупцияга қарши курашувчи алоҳида орган тузиш таклифини берди. Бу прокуратуранинг бу борадаги фаолияти яхши баҳоланмаганидан далолат бераётгандек, гўё. Савол ўша-ўша: Бош прокуратура прокуратура тизимидаги коррупция ҳақида нега жим?