Айримлар спортчи ниқобида хорижга чиқиб, қайтиб келмаган
Спорт
−
25 Сентябрь 2019
5666Ўзбекистонда спорт федерациялари томонидан спортчи бўлмаган фуқаролар мусобақалар баҳонасида хорижга олиб чиқиб кетилиб, ташлаб келингани билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилган. Бу ҳақда Адлия вазирлигида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда спорт соҳасида фаолият юритувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан ўтган йиғилишда сўз борган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 4 сентябрь куни жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказган эди.
Президент соҳага масъул идоралар томонидан жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ишлари тизимли йўлга қўйилмаганини танқид қилганди.
Адлия вазирлигида ўтган учрашув давомида давлат раҳбари бошчилигида ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижроси ҳамда сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда айрим спортчиларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ва улар билан боғлиқ нохуш ҳодисалар ҳамда спорт федерациялари (уюшмалари) томонидан чет мамлакатларга спортчи бўлмаган фуқароларни олиб кетиб, уларни ноқонуний равишда уша давлатларга қолдириб келиш ҳолатлари ҳақида сўз борган.
Шунингдек, спортчилар томонидан содир этилган жиноятлар ва уларнинг оқибатлари тўғрисида маърузалар қилинган.
LiveБарчаси