Ҳусийлар Саудиянинг қирувчи самолётини уриб туширди (видео)

Олам

image

Кеча, 16 сентябрь куни “Ансоруллоҳ” ҳусийлар ҳаракати Яманнинг Мариб провинцияси осмонида Саудия Арабистони Ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли F-15 қирувчи самолётини уриб туширди. Бу ҳақда ҳаракатнинг ҳарбий вакили, генерал Яҳё Сарига таяниб, “The National” хабар берди. 

Сарининг маълумотларига кўра, қирувчи самолёт маҳаллий ишлаб чиқарилган зенит ракетаси билан уриб туширилган. Унинг қўшимча қилишича, шундан сўнг мамлакат ҳаво ҳудудига уриб туширилган самолётни қидираётган Саудиянинг F-15 ва Eurofighter Typhoon қирувчи самолётлари кирган, бироқ ҳусийлар уларга ракеталар билан ҳужум қилиб, чекинишга мажбур қилган.
 
Бундан ташқари, Сари ўтган ҳафта давомида Саудия Арабистони ҲҲК Яманга 450 дан ортиқ авиазарба берганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, Ал-Байдо, Мариб, Таиз, Ҳадджа, Ал-Жауф ва Лаҳж провинциялари ҳужумга учраган.

Араб коалицияси вакили генерал-майор Турки ал-Маликининг маълум қилишича, Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари (ҲҲМ) 15 сентябрь куни ҳусийларнинг дронини Саудия Арабистонидаги мусулмонлар учун муқаддас бўлган Макка шаҳри яқинида, у Макка осмонидаги ҳаво ҳудудига киришидан олдин уриб туширган. У Макка, зиёратчилар ва шаҳар меҳмонларининг хавфсизлиги “қизил чизиқ” эканини айтган. У ушбу ҳолат ҳусийларнинг 2017 йил июль ойида ушбу ҳудудга баллистик ракета учирганидан сўнг Маккага ҳужум қилишга бўлган иккинчи уриниши эканини эслатиб ўтган. Ҳусийлар бу айбловларни ёлғон деб атаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистони ҳусийлар зарбалари ортидан мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида, жумладан, муқаддас Макка шаҳри ва мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Жиддада хавфсизлик огоҳлантиришларини эълон қилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг