Ҳусийлар Саудия пойтахтига икки баллистик ракета ва дронлар учирди
World
−
15:52 1929 2 minutes
Ямандаги Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция Эрон қўллаб-қувватлайдиган ҳусийлар томонидан Риёд томон учирилган икки дронни ушлаб қолганини маълум қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, коалиция бугун, 26 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқатган хабарларида Саудия Арабистонига учирилган дронлар ва ракета таҳдидларини кузатаётганини билдирган, бироқ ҳодиса тафсилотларини очиқламаган.
Коалиция маълумотига кўра, шунингдек, ҳусийлар томонидан учирилган икки баллистик ракета ҳам ушлаб қолинган. Ракеталар Хамис-Мушайт шаҳри томон йўналтирилган, дронлар эса Саудия пойтахти Риёд томон учирилган.
Саудия фуқаро муҳофазаси хизмати тун давомида Хамис-Мушайт ва Абҳа шаҳарлари учун хавфсизлик огоҳлантиришларини юборган. Риёд учун эса бундай огоҳлантириш берилмаган.
Ҳодисадан бир неча соат олдин Саудия Арабистони, Покистон ва Туркия ҳарбий раҳбарлари Риёдда учрашиб, қиролликка таҳдидларни муҳокама қилган эди. Уч давлат жорий йил август ойида Макка қўшма мудофаа келишувини имзолаган. Унга кўра, иштирокчилардан бирига қуролли ҳужум бошқаларига ҳам қилинган ҳужум сифатида баҳоланади.
Саудия Мудофаа вазири шаҳзода Холид бин Салмон бугун, 26 сентябрь куни Покистон армияси Бош қўмондони Асийм Мунир билан Риёдда учрашганини ва келишув доирасида қиролликка қарши ҳужумларга биргаликда қарши туриш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиришни тасдиқлаганини маълум қилган.
Саудия Арабистони ҳудуди ва унга қарашли объектларга ҳужумлар ҳусийлар июль ойида Риёдга қарши денгиз блокадасини эълон қилганидан кейин кучайган. Гуруҳ Қизил денгиздаги Саудия кемаларига ҳам зарбалар берган.
“Reuters” маълумотларига кўра, ҳусийлар ҳужумлари Саудия шаҳарлари, энергетика инфратузилмаси ва денгиз қатновларини нишонга олмоқда. Бу ҳужумлар Эронга қарши АҚШ ва Исроил уруши туфайли жаҳон нефть таъминотига босим кучайган бир пайтда содир бўлмоқда.
Ҳусийлар ҳужумлари Қизил денгиз орқали Форс кўрфази давлатларининг нефть экспорти учун асосий муқобил йўналишга ҳам хавф туғдирмоқда. Айни пайтда Ҳормуз бўғози орқали қатновлар асосан тўхтаб қолган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистонининг Бош диний уламоси мамлакат ҳарбийларини Эрон қўллаб-қувватлаётган ҳусийларга қарши жангда жонини фидо қилишга тайёр туришга чақирганди.