Ҳусийлар Исроилга ҳужумларни қайта бошлайди
Олам
−
28 Февраль 8718 3 дақиқа
Бугун, 28 февраль куни Исроил ва АҚШнинг Эронга ҳужуми ортидан ҳусийлар Теҳронни қўллаб-қувватлаш мақсадида Қизил денгиздаги юк ташиш йўлларига ҳамда Исроил ҳудудига ракета ва дрон ҳужумларини қайта бошлашга ваъда бермоқда. Бу ҳақда “The Times of Isreal” хабар берди.
Манбаларга кўра, илк ҳужум бугун кечқурун содир бўлиши мумкин. Ҳусийлар аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти билан эришилган келишув доирасида Қизил денгиздаги халқаро кемачилик йўлларига ҳужумларни тўхтатган эди. Ушбу келишув АҚШнинг ҳусийларга қарши ҳарбий амалиётларини ҳам вақтинча тўхтатишни назарда тутган.
Бундан ташқари, ҳусийлар Ғазо секторида йирик жанглар тўхтатилганидан сўнг, 2025 йилнинг октябрь ойида Исроилга қарши ракета ва дрон ҳужумларини ҳам тўхтатган. Эндиликда эса минтақадаги кескинлик кучайиб бораётган бир пайтда, улар ҳарбий ҳаракатларни қайта тиклаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.
Таҳлилчиларнинг фикрича, агар ҳусийлар Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумларни қайта бошласа, бу глобал савдо йўлларига жиддий таъсир кўрсатиши, юк ташиш нархларининг ошишига олиб келиши мумкин. Шунингдек, бу минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазиятни янада мураккаблаштириши эҳтимоли бор.
АҚШ–Исроил–Эрон уруши
Бугун, 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган. Исроил томонидан старт берилган операция “Еҳуда қалқони” деб номланган. Дастлабки манбаларга кўра, Эронга ўттиздан ортиқ ракеталар йўлланган бўлиши мумкин.
Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўраган. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Шу орада АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича операциялар ҳақида 8 дақиқалик баёнот берган ва унда Эронга қилинган ҳужумда АҚШнинг иштирок этганини тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, Эронга қилинган ҳарбий опреациялар Америка халқини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда. У ўз баёнотида эронликларни амалдаги тузумни ағдаришга чақирган. Трамп Эрон ҳарбий хизматчиларига таслим бўлишни ва бунинг эвазига «иммунитет» олишни таклиф қилди ёки “муқаррар ўлим”ни танлашлари мумкинлигини айтган.
Қолаверса, барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлаган. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унфда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлаган.
Орадан кўп вақт ўтмай энди Эрон Исроил давлати ҳудудига қарата зарба йўллашни бошлади.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам ҳужумларни тасдиқлаб, баёнот берган. Унга кўра, Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси Эрон террор режими келтириб чиқараётган таҳдидни бартараф этишга қаратилган. Нетаньяху махсус мурожаатида сўнгги 47 йил давомида Эрон раҳбарияти Исроил ва АҚШга қарши очиқ таҳдидлар қилган ҳамда минтақада зўравонлик сиёсатини юритганини айтган.
Live
Барчаси