Ҳусийлар Исроилдан ўлдирилган бош вазирнинг хунини олмоқчи

Олам

image

Ямандаги ҳусийлар кеча, 30 август куни ўз бош вазири ва бошқа сиёсий етакчиларнинг ҳафта бошида Исроил авиаҳужумлари оқибатида ҳалок бўлгани учун қасос олишга ваъда берди.

Ҳусийлар Яман пойтахти Санада 28 август куни амалга оширилган ҳаво зарбасида бош вазир Аҳмад ар-Раҳавий ҳалок бўлганини, шу билан бирга бошқалар оғир яраланганини тасдиқлади.

“Биз Худога, азиз яманлик халқимизга, шаҳидлар ва ярадорлар оилаларига қасам ичамизки, қасос оламиз ва бу жароҳатларни ғалабага айлантирамиз”, деди ҳусийларнинг Олий сиёсий кенгаши раҳбари Маҳдий ал-Машат видеомурожаатида.

Ар-Раҳавий ҳусийларнинг Эрон қўллаб-қувватлайдиган қанотида Исроил ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган энг юқори мартабага эга шахс ҳисобланади. Гуруҳ баёнотида айтилганидек, вазирлар “ўтган йилдаги фаолият ва иш самарадорлигини баҳолаш учун ўтказилаётган одатий йиғилиш” пайтида нишонга олинган. Хабарларга кўра, йиғилишда ҳусийларнинг сирли етакчиси нутқ сўзлаши кутилган ва бу Исроил учун ҳусийлар раҳбарларини бир вақтда йўқ қилиш учун қулай фурсат бўлган.

Ҳусийларнинг мудофаа вазири генерал-майор Муҳаммад Носир ал-Атифий ҳужумдан сўнг телевидениеда берган баёнотида ҳусийлар “АҚШ қўллаб-қувватлайдиган сионист душманга қарши барча даражада тайёр” эканини билдирди.

Санага зарбани Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац ҳам 30 август куни тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, Исроил армияси ҳусийлар раҳбариятига “беназир ҳал қилувчи зарба” берган.

“Ҳусийлар бош вазири, унинг кўплаб вазирлари ва бошқа юқори лавозимли шахслар йўқ қилинди ва яраланди. Мен “қоронғулик балосидан кейин тўнгичлар балоси келади”, деб огоҳлантирган эдим – биз бу огоҳлантиришни амалга оширдик”, деди Кац.

Ҳусийлар 7 октябрдаги ҳужумлардан сўнг фаластинликларга ҳамдардлик сифатида Қизил денгиздаги тижорат кемаларини нишонга олиб келмоқда ва Исроилга бир неча ракета учирган, уларнинг кўпчилиги тутиб олинган.

Стратегияда ўзгариш

Газода уруш бошланганига қарийб икки йил бўлди. Шу вақт ичида Исроил Эроннинг энг яқин проксилари етакчиларини йўқ қилиш учун кучли разведка устунлигидан фойдаланиб келмоқда.

Ўтган йили Исроил ҲАМАСнинг сиёсий етакчиси Исмоил Хонияни Эрон пойтахти Теҳронда ўлдирди. Орадан икки ой ўтиб, “Ҳизбуллоҳ” етакчиси Ҳасан Насруллоҳни Бейрутда ҳаво зарбасида йўқ қилди. Ўтган октябрда эса Исроил қўшинлари Газода ҲАМАС раҳбари Яҳё Синварни, орадан етти ой ўтиб эса унинг укаси Муҳаммад Синварни ўлдирди. ҲАМАС 30 август куни Муҳаммад Синварнинг ўлими ҳақида расман тасдиқ бериб, Исроил томонидан ўлдирилган етакчилар суратига унинг расмини ҳам қўшди.

Ўтган йил декабрь ойида Мудофаа вазири Исроил Кац очиқчасига ҳусийлар етакчиларига ҳам зарба бериш билан таҳдид қилган эди:

“Биз ҳусий террорчи ташкилотининг стратегик инфратузилмаларини йўқ қиламиз ва унинг раҳбарларини – худди Хония, Синвар ва Насруллоҳга қилганимиздек – Теҳрон, Ғазо ва Ливанда йўқ қиламиз. Худди шуни Ҳудейда ва Санада ҳам қиламиз”, деган эди у.

Биринчи зарба

28 август куни амалга оширилган ҳужум Исроилнинг ҳусийлар раҳбариятини илк бор нишонга олиши ҳисобланади. Бундан аввал Исроил асосан Ямандаги ҳарбий объектлар ва ҳусийлар фойдаланаётган деб айтиладиган фуқаролик инфратузилмаларини уриб келган.

Стратегия ўзгарганидан далолат сифатида, бу сафар Исроил ҳаво кучлари президент саройи жойлашган ҳарбий базани нишонга олди. Шунингдек, икки электр станцияси ва ёқилғи омборига ҳам зарба берди.

Ҳусийлар Яман шимолининг катта қисмини назорат қилади. Улар 2014 йилда Санани эгаллаган. Шундан бери Саудия қўллаб-қувватлайдиган коалиция уларни ҳеч йўқота олмади ва ҳусийлар ўз ҳокимиятини янада мустаҳкамлаб олди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Яман ҳусийлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг