Ҳусийлар Ар-Риёд аэропорти ва молиявий марказига ракета ҳужуми уюштирди
Олам
−
10:17 517 2 дақиқа
Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийлар Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги Подшоҳ Холид халқаро аэропорти ва молиявий марказга иккита баллистик ракета учирди. Ҳужум ҳақида ҳозирча Саудия Арабистони томонидан расмий тасдиқ берилмаган. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, ҳусийлар 15 ноябрь куни Саудия Арабистони пойтахтидаги Қирол Холид халқаро аэропорти ва молиявий марказни иккита баллистик ракета билан нишонга олган. Ҳусийлар ҳарбий вакили Яҳё Сари 18 ноябрь куни берган баёнотида Подшоҳ Холид халқаро аэропорти ва Ар-Риёддаги молиявий марказга кўп сонли қанотли ракеталар учирилганини айтди. У ракеталар белгиланган нишонларга текканини даъво қилди. Ҳарбий вакилнинг таъкидлашича, ҳужумлар Саудия Арабистонининг Ямандаги тинч аҳоли пунктларига қарши операцияларига жавобан амалга оширилган.
Саудия Арабистони ҳужумни қайтарганини билдирди
Саудия Арабистони бошчилигидаги Араб коалицияси Ар-Риёд томон йўналтирилган иккита қанотли ракета ҳавода тутиб олиниб, йўқ қилинганини маълум қилди. Коалиция вакили Туркий ал-Моликий Ар-Риёд ва мамлакатнинг жанубий ҳудудларига йўналтирилган иккита учувчисиз учиш аппарати ҳам зарарсизлантирилганини билдирди.
Ҳусийлар Саудия Арабистонининг яна икки ҳудудини нишонга олди
Ҳусийлар Ар-Риёдга қилинган ҳужумдан ташқари, Саудия Арабистонининг жанубидаги Жизон минтақасида жойлашган стратегик нишонга баллистик ракеталар билан зарба берганини даъво қилди. Шунингдек, гуруҳ Хамис-Мушайт шаҳридаги Қирол Холид авиабазасини учувчисиз учиш аппарати билан нишонга олганини маълум қилди. Ҳужумлар натижасида етказилган зарар ёки эҳтимолий қурбонлар ҳақида мустақил тасдиқланган маълумотлар келтирилмаган.
Маълумот учун, Ямандаги фуқаролар уруши 2014 йилда ҳусийлар пойтахт Сано шаҳрини эгаллаб олганидан кейин чуқурлашган. 2015 йилда Саудия Арабистони бошчилигидаги коалициянинг можарога аралашуви эса уни минтақавий тўқнашувга айлантирган. 2022 йил апрель ойида бошланган сулҳ жараёнидан кейин мамлакатда вазият нисбатан тинчланган эди. Бироқ жанглар яна кучайиши билан ҳусийларнинг Саудия Арабистонидаги аэропортлар, ҳарбий базалар ва энергетика иншоотларига ҳужумлари минтақадаги кескинликни оширди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистони ҳаво мудофааси Макка шаҳри яқинида ҳусийларга тегишли дронни шаҳар устида парвоз қилиш тақиқланган ҳудудга киришидан олдин уриб туширгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси