Ҳусийлар АҚШ-Британиянинг ҳужуми уларни тўхтата олмаслигини айтиб чиқди
Олам
−
12 Январь
6473Ямандаги ҳусийлар АҚШ ва Британиянинг зарбасига қарамай, Қизил денгиздаги Исроил билан боғлиқ фуқаролик кемаларига ҳужум қилишда давом этади. Бу ҳақда ҳаракатнинг расмий вакили Муҳаммад Абдулсалом маълум қилди.
“Биз яна бир бор таъкидлаймизки, Яманга қарши тажовузни оқлаб бўлмайди, чунки Қизил ва Араб денгизларида халқаро юк ташиш таҳдид остида эмас эди. Биз Исроилнинг босиб олинган Фаластин портларига йўл олган кемаларига ҳужум қилдик ва бунда давом этамиз”, деб ёзади у Х’даги саҳифасида.
Ҳусий раҳбариятининг айтишича, АҚШ ва Британия қўшинларининг Яманга ҳужуми Ғарбнинг Ғазодаги вазиятдан эътиборни чалғитишга уринишдир.
Уларга кўра, Вашингтон ва Лондон Исроил армияси томонидан Ғазонинг тинч аҳолисига нисбатан геноцид содир этилгани фактини яширмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 12 январга ўтар кечаси АҚШ ва Британия кучлари самолётлар, кемалар ва сувости кемалари ёрдамида Яманнинг Сана, Саада, Ҳодейда, Таиз ва Дамар каби бир қанча шаҳарларида ҳусийларнинг нишонларига зарба берганди. АҚШ Президенти Жо Байденнинг айтишича, Ямандаги зарба Қизил денгиздаги “мисли кўрилмаган ҳусий ҳужумлари”га жавоб бўлган ва мудофаа характерига эга. Америка маъмурияти ракеталар, учувчисиз ҳаво воситалари ва ҳусий радар станциялари жойлашган жойларга ҳужум қилинганини билдирмоқда.
LiveБарчаси