Ҳусанов “Ман Сити” либосида илк марта интервью берди (видео)
Спорт
−
21 Январь
4121Англиянинг “Манчестер Сити” футболчисига айланган ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусанов клуб матбуот хизматига интервью бериб, Англияга соврин ютгани келганини билдирди.
“Мен жудаям хурсандман бу жамоага қўшилганимдан. Бу клуб дунёнинг энг яхши жамоаси. Мен бу ерга соврин ютгани келдим. Бу жамоа катта жамоа. Мураббийи энг яхши мураббийлардан бири. Шунинг учун келдим”, дейди Ҳусанов.
Ҳусанов футболга қандай кириб келганига ҳам изоҳ бериб, фаолияти қандай ривожланиб борганига ҳам изоҳ берди.
“Дастлаб, “Тошкуч” жамоасида бошлаганман. Ундан “Бунёдкор” академиясига ўтганман. Профессионал фаолиятимни Беларусда бошлаганман. 18 ёшимда Францияга келдим. Мана энди Англиядаман”, дейди Ҳусанов.
Футболчи янги клубида нега айнан 45-рақамни танлаганини ва нега айнан таклифлар орасидан "Сити" вариантига тўхталганини ҳам очиқлади.
“Беларусдаги фаолиятимда 45-рақам остида тўп тепганман. Шунинг учун 45-рақамни олдим. Аввал айтганимдек, энг яхши жамоа, мураббий ва чемпионат бўлгани учун. “Манчестер Сити” ўйинларини болалигимдан кўриб келганман. Ўйин услуби ўзгача, кўпчиликникига ўхшамайди. Чунки мен ҳар доим энг яхшисини танлаганман. Ҳозир ҳам энг яхшилар билан ишлаш учун келдим. Мен қийинчиликларни кўриб катта бўлганман. Буёғига ҳам тўхташ йўқ. Мен учун, балки бутун Ўзбекистон учун биринчи АПЛ футболчиси. Бу жараён ҳали давом этади”, дейди Ҳусанов.
Суҳбат давомида 20 ёшли футболчи Ўзбекистоннинг ЖЧ-2026 чиқиш имкониятини ҳам баҳолади.
“Бизда футболга бўлган эътибор кундан кунга ортмоқда. Ҳамма бизни Жаҳон чемпионатига чиқишимизни хоҳлаяпти ва ўйлаяпти.Чиқишимизга бир қадам қолди”, дейди футболчи.
Ҳусанов, шунингдек, отаси билан боғлиқ саволга ҳам жавоб қайтарди.
“Дадамнинг футбол ўйинларини кўриб турардим ва менда ҳам шу спорт турига қизиқиш бошланган ва ҳозирги даражага чиқишимда дадам катта роль ўйнаган. Ҳар машғулотдан кейин, ўйиндан кейин хато ва камчиликларни ўтириб таҳлил қиламиз”, дейди футболчи.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси “Манчестер Сити” билан 4,5+1 йиллик кўринишда шартнома имзолади. Бонусларни ҳисобга олганда Ҳусанов трансфери “Ман Сити” учун 50 миллион еврога тушди.
LiveБарчаси