“Ҳукумат — истеъфога!” Туркияда лира “қулаши” ортидан намойиш ўтказилди
Олам
−
24 Ноябрь 2021
12061Туркияда миллий валюта — лиранинг долларга нисбатан кескин қадрсизлангани оқибатида мамлакатнинг йирик шаҳарлари Анқара ва Истанбулда норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Cumhuriyet” нашри хабар берган.
Иштирокчилар ҳукумат ва ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт партияси” аъзолари истеъфосини талаб қилган. Намойишлар кеча, 23 ноябрь куни кечқурун бошланган ҳамда пойтахт ва Истанбулнинг турли туманларида бўлиб ўтган.
Анқарада полиция намойишчиларга ҳалақит беришга, жумладан, тўсиқлар ўрнатишга уринган. Кейин, митинг иштирокчилари яқин атрофдаги йўлакларга тарқалган, бироқ кейин яна маршга йиғилган.
Таъкидланишича, намойишчилар “Ҳукумат — истеъфога!” деган шиорларни айтган. Истанбулда аҳоли Марказий банк биноси олдида ҳам намойиш ўтказган. Баъзилар “Ишингизни ёмон бажардингиз, сиз суд қилинасиз, ҳукумат истеъфога чиқсин”, деган плакатлар кўтарган. Қайд этилишича, намойишчилар қозон-товоқларни урган.
Маълумотларга кўра, 2021 йил давомида турк лираси иқтисоди ривожланаётган мамлакатлар валюталари орасида энг ёмон кўрсаткични қайд этган. Йил бошидан буён лиранинг қиймати деярли 40 фоизга тушиб кетган, ўтган ҳафтада деярли 20 фоизга пасайиш қайд этилган. Туркияда инфляция кўрсатилганидан тўрт баравар юқори экани айтилмоқда.
Жорий йил 22 ноябрь куни турк валютаси илк бор бир доллар учун 12 лирадан, 23 ноябрь куни эса 13 лирадан қимматлаша бошлади.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакат юқори қарз харажатлари ва кучли валютага асосланган эски сиёсатдан воз кечиб, сармоя, экспорт ва янги иш ўринлари яратишни назарда тутувчи янги сиёсатга ўтаётганини айтган. Шунингдек, Президент мамлакатга иқтисодий босим ўтказиш, жумладан, молия тизимини беқарорлаштиришга уринишларни беҳуда деб атаган.
LiveБарчаси