Ҳукумат инсон ҳуқуқлари борасида ўз масъулиятини сезиши керак – Норбоева

Жамият

image

Жорий йилнинг 2-3 март кунлари бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида сенаторлар бир нечта Қонунни кўриб чиқиб, қабул қилишди. Ялпи мажлиснинг иккинчи кунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий марказининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари бажарилиши ҳақидаги ахбороти эшитилди.
 
Сенат раиси Танзила Норбоева марказ ахборотини тингларкан бугунги кунда вазирликлар аёллар ва болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциялардан хабардор эмаслигини танқид қилди.

“Ўзбекистон халқаро конвенцияларга қўшилган, ҳар тўрт йилда миллий маъруза халқаро майдонда ўқиб эшиттирилади. Кузатишимча, ҳар тўрт йилда такрорланадиган тавсиялар бор. Мисол учун, “у ёки бу қонунни қабул қилинглар”, “мана бу жиҳатга эътибор қаратинглар” ёки “аёлларга мана бу эътиборни беринглар”, дейилади. Марказ вазирликларга тавсияларни беради, вазирликлар эътибор қаратмайди. Чунки механизмни йўлга қўядиган аниқ топшириқ йўқ. У халқаро ташкилотнинг тавсияси, шунинг учун ҳам тавсиялар бажарилмайди. Тўрт йилдан кейин яна шу таклифлар берилади ва биз шуни қайтадан эшитамиз. Натижада бу йилдан-йилга такрор давом этадиган жараён бўляпти”, дейди Сенат раиси.

Норбоева Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ахборотини тинглар экан, миллий маъруза Ўзбекистон ҳукумати номидан халқаро майдонда ўқиб эшиттирилиши вазирликлар ходимлари ва ҳукумат вакиллари инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияларни билишлари шартлигини айтиб ўтди.

“Инсон ҳуқуқлари соҳасида олиб борилган ишлардан вазирликларни хабари йўқ. Масалан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташкил қилинди. Ишончим комилки, улар Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг тавсиялари билан танишиб ҳам чиқмаган. Марказ вазирликларга бориб ишлаши керак. Онда-сонда ҳисобот олиш ва даврий ҳисоботга қўшиш билан иш битмайди. Ҳисоботда жуда кўп маълумотлар келтирилган. Aгар ҳисоботлар қоғозларда қолиб кетадиган бўлса, юқорида айтганимдек кейинги 4 йилда эскисидек тавсияларни эшитаверамиз.

Бу тавсиялар бажарилишини ҳам ҳукумат доирасида кўриб чиқиш зарур. Конвенцияларнинг бажарилиши бўйича маъруза Миллий марказ номидан эмас, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан ўқиб эшиттирилади. Демак, ҳукумат ўз масъулиятини сезиши керак. Ҳукумат деганда вазирликларни айтяпман. Доимий равишда кўриб бориш, вазирлик ва идораларга вазифалар бериш, бажармаганларга чора кўриш каби жараён бўлиши керак. Aфсуски, бизда бу жараён йўқ. Бирорта вазирликни “конвенция бўйича масъулмиз, тавсияларимиз бор” деган вазирликларни билмайман. Ишончим комил, вазирларнинг кўпини инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциялардан хабари ҳам йўқ. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази вазирлик ва идоралар билан ишлашни йўлга қўйиши керак”, дейди Танзила Норбоева.


Мақола муаллифи

Теглар

инсон ҳуқуқлари сенат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг