Ҳозирги даврда фақат бир давлатга таяниб бўлмайди – Бош вазир ўринбосари
Жамият
−
26 Сентябрь 2023
10621Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ҳозирги геосиёсий вазиятда фақат битта давлатга таяниб бўлмаслигини, чунки бу хавфсиз эмаслигини айтди. Бу ҳақда у шу ойда Вашингтонда бўлиб ўтган АҚШ-Ўзбекистон бизнес конференцияси чоғида сўз очган.
“Бугунги геосиёсий вазият шуни кўрсатмоқдаки, фақат битта давлатга таяниб бўлмайди, чунки бу хавфсиз эмас. Ҳар бир мамлакат диверсификацияни қидиради”, деган Жамшид Хўжаев.
“Bloomberg”нинг ёзишича, 2030 йилга бориб Ўзбекистон ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баравар оширмоқчи. Бунинг учун унинг расмийлари АҚШ, Россия ва Хитой манфаатларини мувозанатлаштириши керак.
“Хитой бизнинг энг йирик савдо ва сармоявий ҳамкорларимиздан бири. Биз буни яширмаймиз, чунки улар қайта тикланадиган манбалар ва яшил энергияга жуда агрессив. Уларнинг яхши технологиялари, йирик компаниялари бор ва улар биз билан ишлашни хоҳлайди”, деган Бош вазир ўринбосари.
Қайд этиш жоизки, Россия Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шерикларидан бири бўлиб қолмоқда. Москва билан тарихий алоқалар бу муносабатларни мустаҳкамлаб келган. Хўжаев бу алоқаларни "яхши имконият" деб атайди. Шунингдек, у Ўзбекистон расмийлари Европанинг бошқа мамлакатлари билан ушбу бозорни диверсификация қилиш учун ишлаётганини билдирган.
“Қайта тикланадиган энергиядан ташқари, Хитой ҳам Ўзбекистонга инфратузилмасини ривожлантиришда катта ёрдам кўрсатмоқда. Бу давом этади”, дейди Хўжаев.
Билдирилишича, Ўзбекистон АҚШдан ҳам инвестицияларни жалб қилмоқчи, айниқса, АҚШ компаниялари устунлик қиладиган ривожланаётган юқори технологияли секторга.
“Бизда бозор иқтисодиёти мавжуд ва биз барча инвесторларимизга бир хил шарт-шароитларни беришга ҳаракат қилмоқдамиз. Агар сизда энг яхши вариант мавжуд бўлса, сиз айнан шуни қиласиз”, дейди Бош вазир ўринбосари.
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сиддиқов эса Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан пайдо бўлган қийинчиликлардан бири АҚШ ва Европадан Россияга тақиқланган товарларни ташишни тўхтатишга уриниш бўлганини айтган. Унинг айтишича, Ўзбекистон бу товарларни ўз чегараларидан олиб ўтмаслиги учун АҚШ молия вазирлиги билан ҳамкорлик қилмоқда.
Шунингдек, Хўжаев Ўзбекистон бошқа давлатлар иқтисодиётнинг энергия ва озиқ-овқат таъминоти каби нозик тармоқларига киритаётган сармояларни диверсификация қилишга ҳаракат қилаётгани, бироқ инфратузилма каби бошқа соҳаларга келганда, расмийлар “халқ учун энг яхши деб ҳисобланган қарорни қабул қилишини” билдирган.
"Ким қаерга сармоя киритишини айтиб берадиган даражада бой эмасмиз", деган Бош вазир ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 сентябрь куни Вашингтонда ўтган Ўзбекистон-Америка бизнес-форуми нергетика, машинасозлик, АКТ, қишлоқ хўжалиги, молиявий-техник ва илмий-техникавий ҳамкорлик соҳалари бўйича 12 та ҳужжат имзоланганди. Тадбирда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев, Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, Америка-Ўзбекистон савдо палатаси бошқаруви раиси Кэролин Лэмм, АҚШ Эксимбанки президенти Рета Жо Льюис ва давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Дас Марк Поммершайм, Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, саноат бирлашмалари, тижорат банклари ва инвестиция тузилмалари раҳбарлари, шунингдек, АҚШнинг АКТ, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, транспорт, банк иши ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган йирик корпорациялари раҳбарлари иштирок этганди.
LiveБарчаси