Ҳомиладорлар коронавирусга чалиниши хавфли. ЖССТ аёлларни вакцина олишга чақирмоқда
Олам
−
14 Январь 2022
3799Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳомиладор аёлларни коронавирусга қарши дори ва вакциналарнинг клиник синовларига қўшишни зарур деб ҳисоблайди. Бу ҳақда ташкилот раҳбари Тедрос Адҳаном Гебрейесус маълум қилди.
“Ҳомиладор аёлларнинг коронавирус билан касалланиш хавфи юқори эмас, лекин улар инфекция юқтирса, касаллик оғир ўтади. Шунинг учун барча мамлакатларда ҳомиладор аёлларнинг вакциналардан фойдаланиш имконияти бўлиши жуда муҳим. Биз, шунингдек, ҳомиладор аёлларни янги муолажалар ва вакциналарнинг клиник синовларига қўшишга чақирамиз. Яхшиямки, вируснинг бачадонда ёки туғилишда юқиши жуда кам учрайди, она сутида фаол вирус зарралари аниқланмаган”, деган у.
Тедрос Адҳаном Гебрейесус, шунингдек, баъзи мамлакатларда коронавирус аёлларни янги туғилган чақалоқлардан ажратишидан хавотир билдирган. ЖССТ раҳбарининг сўзларига кўра, бу туғилгандан кейинги биринчи кунларда болаларнинг соғлиғи ва тинчлигига зарар етказиши мумкин.
Маълумот ўрнида, ҳозирда коронавируснинг янгича штамми “omicron” дунё бўйлаб жуда тез тарқалмоқда. 2022 йилнинг илк ҳафтасидаёқ вируснинг янги тури билан боғлиқ 7 миллион ҳолат қайд этилган. Янги йилнинг иккинчи ҳафтасида эса касалланиш ҳолати икки баробарга ортган.
Сўнгги маълумотларга кўра, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 320 959 131 нафарга етди. 5 539 206 киши касалликдан вафот этди. Шунингдек, бутун дунёда 9,37 млрд вакцина дозаси қўлланилди.
LiveБарчаси