Ҳокимларнинг ваколат доирасидан чиқиб қабул қилган қарорлари юзасидан парламент сўрови юборилади

Жамият

image

Бугун, 11 май куни Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда ҳокимлар томонидан қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилмасдан қарорлар қабул қилиш ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар бермоқда.

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ҳокимларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ қарорлар қабул қилиниши ҳолати ўрганилди. Таҳлилларга кўра, биргина 2019 йилнинг ўзида ҳокимларнинг 3400 дан ортиқ қарорлари ҳақиқий эмас, деб топилган.

Маъмурий судлар томонидан бу борада 2019 йилда жами 2 992 та иш кўрилган бўлиб, уларнинг 1 255 таси (42 фоиз) қаноатлантирилган. 2020 йилнинг январь-февраль ойларида эса 552 та иш кўрилган ва уларнинг 248 таси ёки 45 фоизи қаноатлантирилган.

Ҳисоб-китобларга кўра, мурожаатлар сони 10 фоизга, уларни қаноатлантириш эса, яъни ҳокимларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш 3 фоизга кўпайиб, бундай мурожаатларни қарийб 50 фоизи қаноатлантирилган.

“Бу борада фуқаролар норози бўлиб мурожаат қилиш сони ва ҳокимларнинг қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилмасдан қарорлар қабул қилиши ҳолатлари кўпайиб борган”, дейилади маълумотда.

Туман, шаҳар ҳокимлари ваколатга эга бўлмаса-да, қонунга зид равишда бино-иншоотларни балансга олиш тўғрисида, ер участкасини ажратиш ваколати уларга берилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланган ҳолда ажратилаётган ер майдонини тўлақонли ўрганилишини таъминламасдан ер ажратиш юзасидан қарорлар қабул қилган.

Таъкидланишича, қонун ҳужжатларига кўра ер участкалари қонунга зид равишда олиб қўйилганлиги муносабати билан мулкдорларга зарар етказилганлиги учун мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик масалалари қатъий белгиланмаган, энг муҳими, бунга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан ўз вақтида муносиб эътибор берилмаган.

Мажлисда мулкдорларнинг мулки мусодара қилиниши ҳақида огоҳлантиришнинг олти ойлик муддатига риоя қилмаслик, мулкчилик объекти учун компенсация маблағларини тўламай ёки қиймати бўйича тенг мол-мулкни тақдим этмай мажбуран чиқариб юбориш одатий ҳолга айлангани таъкидлаб ўтилди.

“Маҳаллий ҳокимият органлари вакилларининг мулк эгаларига кўп ҳолатда қўпол муносабатда бўлиши аҳолининг ижтимоий кайфиятига путур етказувчи омил бўлмоқда”, дейилди йиғилишда.

Шунга асосан, мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига парламент сўрови юбориш бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сенат

Баҳолаганлар

63

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг