Ҳокимларни сазойи қилган шанбалар. Бунда қандай сир бор?

Таҳлил

image

Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларга қарата айтган гаплари ёзилган аудио тарқалган эди. 14 дақиқалик овозли ёзувдан кесиб олинган ва бир-бирига уланган қисқа овоз ижтимоий тармоқрларда кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Бу орада Ортиқхўжаев қаттиқ танқид қилинди. Кўп ўтмай овозли ёзувнинг тўлиқ талқини мавжудлиги, Ортиқхўжаевнинг гаплари атайин шу алфозда тарқатилгани маълум бўлди. Ҳоким ва нашр келишиб олди. 

Масаланинг яна бошқа жиҳати ҳам борки, буни бизга блогер Шаҳноза Тўрахўжаева эслатди. Ўзбекистондда сўнгги бир йил ичида амалдорлар билан содир бўлган ана шундай ҳодисалар – суратлар, видео ва фотолар ҳафтанинг айнан шанба куни сиздирилган. Дам олиш кунлари халқнинг элагида эланган мансабдорлар душанбага келиб ё элакда қолган, у уни тарк этган. Аммо, Ортиқхўжаев қолди. Кўп эланди, тахминлар ҳам ғоят бошқача эди. Охири бундай бўлишини ким ўйлабди дейсиз...

Келинг, шу ўринда ўтган бир йилга назар ташлаб, шанба воқеаларига эътибор қаратсак. 

2018 йил 27 октябрь – шанба. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексининг раҳбари Зойир Мирзаевга оид суратлар тарқалганди. Ўшанда Мирзиев Оққўрғон тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Шерзод Муродов, туман сув хўжалиги бошлиғи Тоҳир Мирзакаримов, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Шароф Аҳмедов, “Озод” МФЙнинг оқсоқоли Зокир Мусабеков, “Мавлонбой ота” фермер хўжалигини раҳбари Аброр Мавлонов ва “Абдуносир” фермер хўжалиги раҳбарини сув оқиб турган ариққа кийими билан туширганди. Бунга эса улар ғалла билан боғлиқ топшириқларни вақтида бажармагани сабаб қилиб кўрсатилганди. 29 октябрь, душанба куни Мирзаев эгаллаб турган лавозимидан озод этилганди. 

2019 йил 29 июнь – шанба. Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновни ҳақорат қилгани акс этган аудиоёзув тарқалганди. “Нега менга бунақа ақл беряпсан, эй облздравнинг бошлиғи, ифлос, мараз, латта. Эй сени ўзи нимадан хабаринг бор, айтгин! Касалдан хабаринг бўлмаса, ундан хабаринг бўлмаса, анаву маразинг, вазирчанг ифлос, кеча менга кеволиб, кетимга пахта қўйиб, Андижондан чиққан, Генпрокурорга хат киргизибди. Шприцни унақа қилиб ўтказяпти, перчаткани мунақа қилиб ўтказяпти тендер қилмасдан. Сен маразсан, дудкасан сен, эрта-индин бошингни ейман, сен ифлосни. Генпрокурор менга айтяпти, Шуҳрат ака бориб вазир билан гаплашиволинг, мана бундай хат қиляпти, деб. Мен шприцни киргиздириб, катта холамникига олиб кетяпманми? Нимасига эътирозинг бор, сифатсиз деганмишсан, ифлос? Сен, как медик тушунадиган бўлсанг, нимаси сифатсиз уни?”, деган эди Абдураҳмонов. 

Вилоят ҳокимлиги душанбани кутмай, 30 июнь якшанба куниёқ “Йиғилишнинг амалий самараси четда қолиб, айнан эҳтиросли жиҳатлари бўрттириб кўрсатилган”, деган баёнот билан чиқди. Ҳеч ким ҳеч кимдан узр сўрамади, катта давраларда муҳокама қилинмади. 

Орадан вақт ўтди, Шодмонов ҳам, Абдураҳмонов ҳам бинойидек ишлаб юришибди. 

2019 йил 24 август – шанба. Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевга оидлиги айтилган суратлар ижтимоий тармоқларда яшин тезлигида тарқалди. Раҳматуллаев ҳам душанбагача бормади. 26 август, душанба куни Андижон шаҳрига янги ҳоким тайинланди.

2019 йил 28 сентябрь – шанба. Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг рўмолли аёллар ҳақида айтган ҳақоратомуз гаплари ижтимоий тармоқни жумбушга келтирди. Шанба куни кечаси сиздирилган аудиоёзув якшанба тонгидан бошлаб муҳокамалар майдонининг асосий мавзусига айланди. 30 сентябрь куни Ўзбекистон парламенти тарихида илк бор Сенатнинг одоб комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Шуҳрат Ғаниев ўтиниб-ўтиниб узр сўради ва Сенат унга уч ой муҳлат берди. 

2019 йил 16 ноябрь – шанба. Юқорида таъкидлаганимиздек Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг овозли ёзуви тарқалди. 22 соат давомида турли билдиришлар, баёнотлар, ишчи гуруҳларнинг тузилиши... 22 соат ўтгач, ҳаммаси тин олди. Душанбага келиб сув буткул бошқа тарафга оқа бошлади. Сув бир лойқаланиб тинади, деганлари шу бўлса керак. 

Буларни сарҳисоб қила туриб, ўйлаб қоласан киши. Нега шанба? Нега айнан ҳафта охири? Нега ижтимоий тармоқ ва нега деярли ҳар бир-бир ярим ойда? Бундай аудиоёзувлар ва видеоларнинг сиздирилишидан ким манфаатдор? Айримлар шахмат тахтасида ўйинни ўз фойдасига ҳал қилиши, омманинг шовқинидан фойдалиб, парда ортидаги мақсадларини амалга ошириб олишига ОАВ, жамият, одамлар замин яратиб бермаяптими? 


Мақола муаллифи

Теглар

Зойир Мирзаев Жаҳонгир Ортиқхўжаев Шуҳрат Ғаниев Шуҳрат Абдураҳмонов Дилмурод Раҳматуллаев

Баҳолаганлар

583

Рейтинг

4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг