Ҳокимлар уларнинг ёрдамчиларига янги вазифалар юкланди
Жамият
−
20 Декабрь 2021
18356Жорий йилнинг 15 декабрь куни Ўзбекистон Президентининг “Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори имзоланди.
Ҳужжатга асосан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан 100 млн доллар эквиваленти миқдоридаги қарз маблағлари Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига (кейинги ўринларда – Жамғарма) миллий валютада йўналтирилади.
Кўрсатилган маблағлар тижорат банкларига:
а) томорқа ер эгаларига:
• қоида тариқасида, 100 бош парранда, 5-10 бош курка, 20 бош қуён, 5-6 бош қўй ва эчки, 5 та асалари уяси, интенсив усулда балиқ боқишни йўлга қўйиш, шунингдек, ихчам иссиқхоналар, “дала дўконлари” қуриш, артезиан қудуқларини қазиш;
• кичик интенсив боғдорчилик, лимончилик ва узумчилик;
• полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш ва сабзавотчилик учун кредит ажратилади;
• б) тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчисининг тавсиясига кўра “Томорқа хизмати” МЧЖларга уруғлик ва кўчат, мотокультиватор ва минитрактор, инкубатор харид қилиш ҳамда айланма маблағ учун 300 млн сўмгача гаровсиз кредит ажратилади;
в) етакчи тадбиркорлик субъектларига аҳоли томорқаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кооперация асосида етиштириш ва етиштирилган маҳсулотларни харид қилиш учун айланма маблағларни тўлдиришга кредитлар ажратилади.
Жамғарма томонидан 2026 йил 1 январга қадар:
• томорқа ер эгалари билан кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорлик субъектларига омборхоналарни жиҳозлаш, шунингдек, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналари харид қилиш харажатларининг 30 фоизи миқдорида, бироқ 150 млн сўмдан ортиқ бўлмаган ҳажмда субсидия берилади;
• сув таъминоти оғир томорқа ерлари ва фойдаланишдан чиққан майдонларни суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш, дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш харажатларининг бир қисми қопланади.
Кўрсатилган чора-тадбирлар учун 2022 йилда Жамғармага Давлат бюджетидан 50 млрд сўм ажратилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимларига ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда қуйидаги янги вазифалар юклатилди:
• томорқа хўжаликлари билан агросаноат кластерлари, тайёрлов, қайта ишлаш ва экспортёр корхоналарни жалб этган ҳолда кооперация алоқаларини ташкил этишга кўмаклашиш;
• маҳсулот етказиб берувчи ва хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар рўйхатини шакллантирган ҳолда, жойларда “тарқатиш ва маҳсулотларни йиғиб олиш бўйича мобиль хизматлар” фаолиятини йўлга қўйиш;
• “хонадонбай” ишлаш асосида ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароити ва ҳудуд аҳолисининг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда томорқа хўжаликларини “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида маҳсулот етиштиришга ихтисослаштириш;
• ҳар бир маҳаллада кооперация асосида парранда, қуёнчилик, қўй-эчкичилик, асаларичилик ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан шуғулланиш истагини билдирган етакчи тадбиркорларни аниқлаш.
Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ҳузуридаги фермер хўжаликларида аҳоли хонадонларида томорқадан самарали фойдаланиш бўйича биттадан агроном штати ташкил этилади. Ҳар бир туманда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор идораларнинг масъул ходимларидан иборат хонадонларда паррандачиликни йўлга қўйиш бўйича юридик шахс мақомига эга бўлмаган доимий лойиҳа офиси ташкил этилади.
“Агробанк” АТБ 2022 йил 1 апрелга қадар жисмоний шахслар учун мўлжалланган, аҳоли томорқаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини “маркетплейс” усулида сотишни йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бўйича онлайн маслаҳатлар кўрсатувчи махсус платформани ишга туширади.