Ҳокимлар учун ҳар пайшанба тўлиқ спорт куни сифатида белгиланиши мумкин
Спорт
−
31 Май
3441Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари учун ҳафтанинг ҳар пайшанба кунини тўлиқ жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Президентнинг тегишли қарори лойиҳаси эълон қилинди.
“Давлат спорт мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш, ёшларни спорт билан мунтазам шуғулланишига қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳасида Спорт вазирлиги тизимидаги спорт мактаблари фаолиятини янги тартибда ташкил этиш назарда тутилган.
Ҳужжат лойиҳасига кўра, 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб спорт мактаблари ходимларининг базавий тариф ставкасига устамалар спорт мактаби томонидан туман ва шаҳарларда ёшларнинг спортга жалб қилинган болалар, ўсмирлар ва ёшлар улуши ҳамда нуфузли халқаро ва республика спорт мусобақаларида эришилган натижалар учун белгиланади, шунингдек, спорт мактабларига ўқувчиларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ҳамда уларнинг ўқишини кўчириш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали йил давомида амалга оширилади.
Қуйидагилар спорт мактабларининг қўшимча вазифалари этиб белгиланади:
- мамлакатда болалар, ўсмирлар ва ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни, шунингдек соғлом турмуш тарзини оммалаштириш;
- болалар, ўсмирлар ва ёшларни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, шунингдек уларнинг соғлиғини мустаҳкамлашга ва ҳар томонлама жисмоний камол топишига йўналтирилган спорт-соғломлаштириш ва тарбиявий ишларни олиб бориш;
- болалар, ўсмирлар ва ёшларда спорт билан шуғулланиш қобилиятларини аниқлаш ва уларни спортнинг алоҳида турлари бўйича ихтисослаштирилган спорт машғулотларига жалб қилиш;
- спорт бўйича ўқув-машғулотларни ўтказиш учун малакали тренерлар таркибини шакллантириш, спорт захираси ва спорт турлари бўйича профессионал спортчилар захирасини яратиш;
- спорт мактаблари ўқувчи-спортчилари учун спортнинг алоҳида турлари бўйича ўқув-машғулот жараёнини ташкил этиш, шунингдек уларни ўқитиш усуллари ва шаклларининг узвийлигини таъминлаш;
- ҳудудий спорт федерациялари (уюшмалари) ва бошқа жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш.
Лойиҳада келтирилишича, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили 1 февралга қадар Спорт вазирлиги билан келишган ҳолда ўз ҳудудларида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида амалга оширадиган вазифалари ва эришилиши лозим бўлган кўрсаткичларини белгилашни назарда тутувчи йиллик Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш дастурларини (кейинги ўринларда – ҳудудий дастурлар) тасдиқлайди.
Спорт вазирлиги ҳудудий дастурларда назарда тутилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини мунтазам равишда мониторинг қилиб боради ҳамда ҳар чорак якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб боради.
“Ҳудудларда ёш истиқболли спортчиларни саралаш, танлаб олиш ва тайёрлаш, шунингдек ҳудудий спорт федерациялари (уюшмалари) билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ҳудудий терма жамоаларни шакллантириш бўйича ишларни тизимли ташкил қилиш мақсадида, Спорт вазирлиги тизимидаги ихтисослаштирилган спорт мактаблари негизида ҳудудий спорт турларини ривожлантириш марказлари ташкил этилсин”, дейилади қарор лойиҳасида.
Келтирилишича, ҳудудий спорт турларини ривожлантириш марказлари Спорт турларини ривожлантириш республика марказларининг миллий терма жамоаларга захира спортчиларни тўғридан-тўғри етказиб берувчи ҳудудий тузилмаси ҳисобланади.
Ҳудудий спорт турларини ривожлантириш марказлари ҳудудий спорт терма жамоаларини шакллантириш, спортчиларнинг тайёргарлигини, уларнинг ҳудудий ва республика спорт мусобақаларида иштирок этишини ташкил қилишни амалга оширади.
Ҳудудий спорт турларини ривожлантириш марказлари тегишли ёш тоифалари (кичик ўсмирлар, ўсмирлар, ёшлар, U-23 ва катталар) бўйича ҳудудий спорт терма жамоалари таркиблари шакллантиради.
Қарор лойиҳасида қуйидагича тартиб ўрнатилиши назарда тутилган:
- маҳаллаларда спорт тўгаракларини ташкил этган тренерларга ўзи тайёрлаётган спортчиларни “ERP Sport” ягона электрон бошқарув тизимида рўйхатдан ўтказиш имконияти яратилади;
- нодавлат жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари реестрини (кейинги ўринларда – реестр) юритиш тартиби жорий этилади. Бунда, реестрга ихтиёрий тартибда спорт клублари, фитнес клублар, спорт таълим муассасалари ҳамда жисмоний-тарбия ва спорт соҳасида фаолият юритувчи бошқа нодавлат юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар киритилиши мумкин;
Реестрга киритилган нодавлат жисмоний тарбия-спорт ташкилотларига:
- спортчиларини “ERP Sport” ягона электрон бошқарув тизимида рўйхатдан ўтказиш;
- маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан зарур спорт жиҳозлари ва инвентарлар етказиб берилади;
- реестр Спорт вазирлиги томонидан “ERP Sport” ягона электрон бошқарув тизимида юритилади;
- жисмоний тарбия-спорт ташкилотларида тренерлик фаолияти бўйича малака оширганлик ҳақидаги сертификатга эга бўлмаган шахслар томонидан тренерлик фаолиятини амалга оширишга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, лойиҳага кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб реестрга киритилган нодавлат жисмоний тарбия-спорт ташкилотларига Давлат бюджетидан спорт соҳасини ривожлантиришга йўналтириладиган маблағлар доирасида субсидия бериш тизими йўлга қўйилади.
Бунда, субсидия Олимпия ва Паралимпия спорт турларига жалб қилинган болалар, ўсмирлар ва ёшлар сонидан ҳамда Олимпия, Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари, Олимпия ва Паралимпия спорт турлари бўйича жаҳон ва Осиё чемпионатларида эришилган натижалардан келиб чиқиб берилади.
Спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида 2025 йил 1 январдан бошлаб спорт иншоотлари реестрини юритиш тартиби жорий этилади.
Бунда:
- барпо этилиб, фойдаланишга топширилган спорт иншоотлари мулкдор ёки балансда сақловчининг аризасига мувофиқ спорт иншоотлари реестрига киритилади;
- белгиланган тартибда фойдаланишга топширилган спорт иншоотини реестрга киритишни рад этишга йўл қўйилмайди;
- спорт иншоотлари реестрини шакллантириш, юритиш ва реестрда чиқариш Спорт вазирлиги томонидан амалга оширилади ҳамда “ERP Sport” ягона электрон бошқарув тизимида очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилади;
- Давлат бюджети маблағлари ҳисобига барпо этилган спорт иншоотларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилади ҳамда “оммавий спорт руҳи” шакллантирилади;
- спорт иншоотлари реестрига киритилмаган спорт иншоотларида расмий спорт мусобақалари ўтказилмайди;
- ҳудудларда Спорт вазирлиги тизимидаги спорт иншоотларидан жисмоний тарбия ва спорт соҳасига оид бўлмаган бошқа тадбирларни ўтказишга йўл қўйилмайди, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси топшириқлари ҳамда Спорт вазирлиги билан келишилган ҳолда ўтказиладиган тадбирлар бундан мустасно.
Қарор лойиҳасида Спорт вазирлигига 2024 йил якунига қадар қуйидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланган:
- Давлат бюджетидан молиялаштириладиган спорт таълим муассасалари (олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари бундан мустасно) тўғрисидаги, шунингдек уларнинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва меҳнатини моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги;
- республика ва ҳудудий спорт турларини ривожлантириш марказлари тўғрисидаги, шунингдек уларнинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва меҳнатини моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги;
- жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари реестрини шакллантириш, юритиш ва реестрдан чиқариш тартиби, шунингдек спорт иншоотлари реестрини шакллантириш, юритиш ва реестрдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлашни назарда тутувчи Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини;
- Уч ой муддатда эса манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади.