Ҳоқон Фидан Россияга боради
Олам
−
26 Май 3611 2 дақиқа
Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан бугун, 26 май куни Россияга расмий ташриф билан боради. Ташриф чоғида Украина уруши ва у билан боғлиқ минтақавий хавфсизлик масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган. Бу ҳақда “Politico” нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Ҳоқон Фидан бугун, 26 май ва эртага, 27 май куни Россияга сафар қилиб, Россия Президенти Владимир Путин ва Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашиши кутилмоқда. У Москванинг Украинага бостириб кириши фонида мамлакатдаги вазият ҳақида музокаралар ўтказади.
Ушбу ташриф Россия ва Украина вакиллари шу ой бошида Истанбулда эҳтимолий урушни тўхтатиш масалаларини муҳокама қилиш учун учрашганидан сўнг амалга ошмоқда. Учрашувда урушни тўхтатиш борасида жиддий ютуқларга эришилмаган бўлса-да, катта ҳажмдаги асирлар алмашинуви бўйича келишувга эришилганди.
Ҳоқон Фидан Россияга ташрифи давомида ушбу мамлакат расмийлари билан кўришар экан Туркиянинг “Россия ва Украина урушида адолатли ва барқарор тинчлик ўрнатишга бўлган содиқлигини” таъкидлаши режалаштирилган.
“Шунингдек, Фидан Туркия “музокараларда воситачилик ролини бажаришга тайёр эканини” яна бир бор таъкидлайди, аммо у бошқа минтақавий ва халқаро, жумладан, Сурия, Ғазо ва Жанубий Кавказ масалаларини ҳам муҳокама қилади”, дейилади хабарда.
Фидан Россия Президенти ёрдамчиси Владимир Мединский ва Мудофаа вазири Андрей Белоусов каби бошқа юқори мартабали расмийлар билан ҳам учрашиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ва Украина мамлакатлари “1000 га 1000” форматида ҳарбий асирларни алмаштиришнинг биринчи ва иккинчи босқичини амалга оширгани хабар қилинганди.
Жалолиддин Раҳмонов
Live
Барчаси