“Ҳизбуллоҳ” Исроилни йўқ қилади – Эрон
Олам
−
22 Июнь
14024Эрон Исроилни Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатига қарши кенг қамровли уруш олиб бориш оқибатлари ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда Эроннинг БМТдаги миссияси маълум қилди.
“Шак-шубҳасиз, бу урушда битта мағлуб бўлади. Бу сионистик режимдир. Ливаннинг қаршилик ҳаракати “Ҳизбуллоҳ” ўзини ва Ливанни ҳимоя қилиш қобилиятига эга. Эҳтимол, бу ноқонуний режимни ўз-ўзини йўқ қилиш вақти келди”, дея таъкидлади Эроннинг БМТдаги миссияси.
Шунингдек, ушбу баёнотда Исроилнинг Ливанга қарши ҳар қандай ҳаракати минтақани янги можарога олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилди.
“Босқинчи Исроил режимининг ўзини қутқариш бўйича ҳар қандай бепарво қарори минтақани янги урушга олиб келиши мумкин. Бунинг оқибатида Ливан инфратузилмаси ҳамда 1948 йилда босиб олинган ҳудудларнинг вайрон бўлишига олиб келиши мумкин”, дейилади баёнотда.
Исроил режими ва “Ҳизбуллоҳ” Ливаннинг жанубий чегарасида 7 октябрда Ғазога ҳужум бошлангандан бери деярли ҳар куни ўқ алмашиб келмоқда. Ўтган ҳафтада кескинлик, айниқса, “Ҳизбуллоҳ”нинг юқори мартабали қўмондони Сами Толиб Абдуллоҳ Исроил томонидан ўлдирилиши ортидан кучайган. Ҳаракат бунга жавобан босиб олинган ҳудудларнинг шимолий қисмларига юзлаб ракеталарни отди. “Ҳизбуллоҳ”нинг айтишича, унинг амалиётлари Ғазо қаршиликларини қўллаб-қувватлаш ва ҳудуддаги геноцидни тўхтатиш учун режимга босим ўтказишни мақсад қилган.
18 июнь куни Исроил армияси Ливанга ҳужум қилиш режаларини маъқуллаганини маълум қилди. 19 июнь куни “Ҳизбуллоҳ” Бош котиби Саййид Ҳасан Насруллоҳ, агар кенг кўламдаги уруш бошланса, Исроил томонидан босиб олинган ҳудудларда ҳеч бир жой ракеталардан омон қолмаслигига ваъда берди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Ливан кескинлик кучайиб бораётган бир пайтда мамлакатни “иккинчи Ғазо”га айлантириб юбориши мумкинлигидан хавотирда. Антониу Гутерриш Исроил расмийлари Ливанга бостириб кириш билан таҳдид қилганидан кейин Ғарбий Осиёда кенгроқ можародан огоҳлантирди.
Эслатиб ўтамиз, 12 июнь куни Исроилнинг Ливан жанубидаги Жоуя қишлоғига уюштирган ҳужуми оқибатида камида тўрт киши ҳалок бўлганди. Улар орасида “Ҳизбуллоҳ” гуруҳининг юқори даражали дала қўмондони ҳам бор эди.