“Ҳизбуллоҳ” Исроил билан урушнинг янги босқичини эълон қилди
Олам
−
18 Октябрь
7085Бугун, 18 октябрь куни Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати Исроил билан қарама-қаршиликнинг янги босқичига ўтаётганини эълон қилди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.
Гуруҳ ўз баёнотида Ливанда қуруқликдаги операциялар натижасида Исроил кучларига катта талафот етказилганини қайд этди. Хусусан, операциялар давомида Исроилнинг 55 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган, 500 дан ортиқ киши яраланган.
“Ҳизбуллоҳ” Исроилнинг жанубий Ливанга бўлган қуруқликдаги ҳар қандай ҳужумига қарши тайёр туришганини билдирган. Гуруҳнинг қайд этишича, Исроил 70 мингдан ортиқ аскар ва юзлаб ҳарбий техникани Ливан чегарасига жойлаштирган.
Қайд этиш жоизки, “Ҳизуллоҳ”нинг бу баёноти кеча, 17 октябрь куни Исроил ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Яҳё Синварнинг Ғазо секторида ўлдирилганини эълон қилиши фонида пайдо бўлди.
Маълумот учун, Исроил 23 сентябрь куни Ливанда "Шимол ўқлари" деб номланган ҳарбий операцияни бошлаган эди. Операция давомида “Ҳизбуллоҳ” етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ва ҳаракатнинг бошқа юқори лавозимдаги вакиллари ўлдирилди. 1 октябрь куни Исроил Ливанда қуруқликдаги операция бошланганини эълон қилди ва кейинчалик бу операция бир неча бор кенгайтирилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ 2023 йил 8 октябрдан бери Исроилнинг Ливандаги зарбалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 2350 кишига етгани хабар қилинганди.
Фарангиз Қосимова