Ҳиндистонга 30 кунлик визасиз режим жорий этилади
Жамият
−
16:44 802 2 дақиқа
Бугун, 30 август куни оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди бўлиб ўтган музокаралар якунлари юзасидан фикр билдирдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, давлатимиз раҳбари Ҳиндистон Бош вазирининг Ўзбекистонга тарихий ташрифи катта аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлаган.
.jpg)
Ўзбекистон етакчиси ушбу сермаҳсул музокаралар икки давлат ўртасидаги самимий дўстлик, юксак ҳурмат ва ўзаро ишончнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлганини қайд этган.
Ҳиндистон жаҳон миқёсида катта обрў-эътибор ва нуфузга эга бўлган ишончли ва салоҳиятли стратегик шерик экани эътироф этилган. Ҳиндистоннинг рақамли технологиялар, дастурий таъминот ва стартаплар соҳасидаги улкан ютуқлари юқори баҳоланган.
.jpg)
Шу сабаб ташрифга жиддий тайёргарлик кўрилган, салмоқли ҳужжатлар тўплами, жумладан, Қўшма баёнот қабул қилиниб, қатор ҳукуматлараро битимлар имзоланган.
Икки томонлама муносабатлар кенг қамровли стратегик шериклик босқичига кўтарилгани катта мамнуният билан қайд этилган.
Маълум қилинишича, асосий эътибор иқтисодий масалаларга қаратилган. Ўтган йили ўзаро савдо айланмаси ҳажми 33 фоизга ўсиб, 1,3 миллиард долларни ташкил қилган. Ушбу рақамни 2030 йилга қадар 5 миллиард долларга етказиш режаси белгиланган.
(3).jpg)
Ташриф доирасида муҳим қўшма инвестиция лойиҳалари портфели ишлаб чиқилган. Бир қатор йирик ҳинд компаниялари билан аниқ келишувларга эришилган.
Мулоқотлар давомида энергетика, нодир минераллар, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, электроника, машинасозлик, заргарлик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш учун янги “ўсиш нуқталари” белгилаб олингани маълум қилинган.
Халқаро ва минтақавий майдонларда, жумладан, БМТ, ШҲТ, Қўшилмаслик ҳаракати, БРИКС ва Глобал жануб мамлакатлари билан ҳамкорлик доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги таъкидланган.
Маданий-гуманитар алоқалар ҳақида сўз юритилар экан, Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг 4 та олийгоҳи фаолият кўрсатаётгани ҳамда Лал Баҳодур Шастри ва Маҳатма Ганди номидаги марказлар самарали ишлаётгани эътироф этилган.
Шунингдек, 30 кунлик визасиз тартиб ва ҳафтасига 14 марта амалга оширилаётган ҳаво қатновлари туризмни ривожлантиришга катта ҳисса қўшиши таъкидланган.
Давлат раҳбари сўзининг якунида эришилган келишувлар ижросини тўлиқ таъминлаш мақсадида кенг қамровли “йўл харитаси” ишлаб чиқилишини билдириб, Ҳиндистон Бош вазири ва барча иштирокчиларга миннатдорлик изҳор этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалоқ Ўзбекистон – Ҳиндистон ўртасида 10 дан ортиқ шериклик ҳужжатлари имзоланганди.
Live
Барчаси