Ҳиндистондаги диний маросимда ҳалок бўлганлар 120 кишидан ошди
Олам
−
03 Июль
4284Ҳиндистондаги диний йиғиндаги тиқилинчда ҳалок бўлганлар сони 120 дан ортди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, маросимда ўн минглаб одамлар воиз Бҳоле Бабани тинглаш учун тўпланган. Полиция ҳисоботига кўра, рухсат этилган сиғим 80 мингга яқин бўлган бўлса ҳам, йиғинда 250 мингга яқин одам қатнашган.
Маълумотларга кўра, оломон кетаётган воизнинг орқасидан югуриб, унга тегинишга уринган. Уларнинг кўпи лойга ботиб, ерга йиқилиб тушган, оқибатда оёқлар остида қолиб кетган.
“Мен аёлларнинг даҳшатли қичқириғини эшитдим, чиқиш жойи яқинидаги ерда жасадлар ётарди. Қўрқиб кетдим, қочдим ва қизимга телефон қила бошладим”, дейди жараёнда қатнашиб, қизидан айрилган гувоҳ.
Шифокорларнинг билдирилишича, ўлимларнинг аксариятига бўғилиш сабаб бўлган. Қурбонлар орасида 112 аёл ва етти бола бор. Ҳатрас округи бош инспектори Шалаб Матур учрашув ёпиқ чодирда ўтказилганини маълум қилган.
“Ҳаммаси ёпиқ бинода содир бўлди ва, афтидан, одамларга ҳаво етмай қолди. Улар имкон қадар тезроқ чиқиб кетишга ҳаракат қилди, бу эса тиқилинчга сабаб бўлди”, дейди у.
Маълумот учун, ушбу ҳолат Ҳиндистондаги диний йиғинда юз берган биринчи тиқилинч эмас, жумладан, 2005 йилда Вай шаҳридаги Мандхардеви ибодатхонасида 265 дан ортиқ одам ҳалок бўлганди, 2008 йилда эса камида 250 киши Ражастандаги Чамундагар ибодатхонасида тиқилинч қурбони бўлган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь