Ҳиндистонда вокзалдаги тиқилинчда қарийб 20 киши ҳалок бўлди (видео)
Олам
−
17 Февраль 5744 2 дақиқа
Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли темирйўл вокзалида тиқилинч юз бериб, оқибатда 18 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “The Hindu” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса кўплаб зиёратчилар Праяграж шаҳрига – энг йирик ҳиндуийлик фестивали Кумбҳ Мела ўтказиладиган жойга борувчи поездда ўрин эгаллашга шошилган пайтда содир бўлган.
Деҳли полициясининг дастлабки терговига кўра, Нью-Деҳли темирйўл вокзалидаги ҳалокатли тиқилинч йўловчиларнинг Prayagraj Express ва Prayagraj Special поездлари ўртасида адашиб, ўз поездларини ўтказиб юборишдан қўрқишлари туфайли содир бўлган.
Ҳалок бўлган 18 кишидан уч нафари қиз бола бўлиб, уларнинг ёши етти, саккиз ва ўн бешда бўлган. Яна 24 ёшли бир ёш аёл, 35-45 ёш оралиғидаги тўққиз аёл ва 70 ёшли бир кекса аёл ҳам ҳаётдан кўз юмган. Шунингдек, 12 ёшли бир ўғил бола, 25 ёшли бир эркак ҳамда 45 ва 47 ёшдаги икки эркак ҳалок бўлган. Жабрланган 15 кишидан тўққиз нафари эркак, олти нафари аёл. Улардан уч нафари оғир жароҳат олган, 12 нафари эса енгил тан жароҳатларига эга.
“Яна 15 киши жароҳатланган. Уларнинг аксарияти барқарор ҳолатда бўлиб, ортопедик жароҳатларга эга”, дейилади маҳаллий Соғлиқни сақлаш бошқармаси хабарида.
Ҳиндистон расмийлари ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдириб, фестиваль ўтказиладиган жойларга олиб борувчи транспорт йўлларида хавфсизлик чораларини кучайтириш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Маълумот учун, ҳар 12 йилда бир марта ўтказиладиган Кумбҳ Мела фестивали дунёдаги энг йирик диний йиғинлардан бири ҳисобланади. Ўтган ойда бошланган ушбу тадбирга шу кунгача 500 миллионга яқин зиёратчи ташриф буюрган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистоннинг ғарбий қисмидаги Махараштра штатида поездда ёнғин чиққани ҳақидаги миш-миш ортидан вагондан сакраб тушган баъзи йўловчиларни ёнма-ён ҳаракатланаётган бошқа поезд босиб кетган эди. Ҳодиса оқибатида 12 киши ҳалок бўлган.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь