Ҳиндистонда ўлимга олиб келувчи хавфли вирус тарқалмоқда
Олам
−
26 Январь 3499 1 дақиқа
Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳри яқинида қарши вакцина ва давоси мавжуд бўлмаган ўта хавфли Нипаҳ вируси тарқалгани аниқланди. Бу ҳақда “The Economic Times” хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, Ғарбий Бенгалия штатида вирус юқтиришнинг беш ҳолати аниқланган, шулардан учтаси жорий ҳафта қайд этилган. Хусусан, касалланганлар орасида шифокор, ҳамшира ва тиббиёт муассасаси ходими бор.
Яна икки нафар ҳамшира Янги йилдан кейин Калькутта яқинидаги хусусий шифохонада ишлаётганда вирусни юқтирган. Уларнинг иккаласида ҳам юқори ҳарорат ва нафас олиш билан боғлиқ муаммолар кузатилган. Касалланганлардан бири комага тушган. Тахминларга кўра, у таҳлиллар олинмасдан вафот этган беморни даволаш жараёнида вирусни юқтирган бўлиши мумкин. Ҳозирда Ҳиндистон расмийлари 100 кишини карантинга олган.
Маълумот учун, Нипаҳ вируси зооноз инфекциялар туркумига киради ва одамларга кўршапалак ҳамда чўчқа каби ҳайвонлардан юқиши мумкин. Эпидемиологларнинг айтишича, ушбу вирусга қарши дори воситаси мавжуд эмас ва беморнинг соғайиши асосан унинг иммун тизими ҳолатига боғлиқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Африка Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (Africa CDC) Эфиопиянинг жанубида хавфли Marburg вируси тарқалгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси