Ҳиндистонда коронавируснинг янги штаммидан илк ўлим қайд этилди
Олам
−
25 Июнь 2021
6304Ҳиндистоннинг Мадхья-Прадеш штатида камида олти кишида коронавируснинг “дельта плюс” штамми аниқланди, беморларнинг иккитаси вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Мадхья-Прадешдаги вакили Акаш Трипати маълум қилган, деб хабар бермоқда “New Indian Express” нашри.
Унга кўра, аввал COVID-19 га қарши бир ёки икки марта эмланган беморлар ушбу штаммдан уй шароитида асоратларсиз тузалган.
“Эмланган беморлар ушбу вариантга қаршилик кўрсата олади. Эмлаш — бу бизнинг ҳимоямиз”, дея қўшимча қилган Трипати.
Таъкидланишича, вакцина олмаган фуқаролардан иккитаси шифохонага ётқизилгандан кейин вафот этган, яна икки киши, хусусан, 22 ёшли қиз ва кичкина қизалоқ шифохонага ётқизилгандан сўнг соғайиб кетган.
Қайд этилишича, барча ҳолатлар бўйича тестлар жорий йилнинг май ойида геном секвенцияси учун қайтариб юборилган, аммо яқинда бу одамлар “дельта плюс” штаммининг бир вариантини юқтиргани маълум бўлган.
Аввалроқ, ЖССТ коронавируснинг ҳиндча варианти — “дельта” Хитойнинг Ухань шаҳрида аниқланган дастлабки штаммдан икки баравар юқумли эканини маълум қилганди.
ЖССТ маълумотларига кўра, коронавируснинг “дельта” варианти аллақачон дунёнинг 92 мамлакатида аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳам коронавируснинг Ҳиндистонда пайдо бўлган хавфли “ҳиндча” штамми аниқлангани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси