Ҳиндистонда икки ўзбекистонлик 16,5 кг олтин билан қўлга олинди
3-саҳифа
−
15 Июнь 2023
27877Тошкентдан Деҳлига учган икки ўзбекистонлик катта миқдордаги тилла буюмларни Ҳиндистонга ноқонуний равишда ўтказмоқчи бўлганда қўлга олинди. Бу ҳақда “Dunyo” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ҳибсга олинган Ўзбекистон фуқаролари Деҳлига савдо мақсадида мунтазам равишда қатнаб келган.
Индира Ганди аэропортида дастлабки тинтув чоғида ўзбекистонлик йўловчилар олтин солинган қопни конвейер ёнига ташлаб кетгани сабабли улардан ҳеч нарса топилмаган. Улардан бири фош бўлганини англаб етгач, бошқа рейс билан учиб кетишга интилган, аммо охир-оқибат қўлга олинган.
“Тақдим этилган маълумотларга кўра, бир йўловчининг шахси аниқланган ва улар рейсдан тушган пайтдан бошлаб кузатилган. Айбланувчи ушланди, бироқ унинг юки ва шахси текширилганда ҳеч қандай контрабанда аниқланмади”, дейди расмийлардан бири.
Кейин эса ўзини шубҳали тутаётган иккинчи йўловчини ҳам кузатиш бошланган ва унинг шахси аниқланган. Юклари текширилганда ундан ҳам ҳеч нарса топилмаган. Кейинроқ у қўлга тушишидан қўрқиб, юкини божхона залига ташлаб кетгани аниқланган.
Ташлаб кетилган сумка сканердан ўтказилганда унинг ичида занжир кўринишидаги 16,5 килограмм олтин борлиги маълум бўлган.
Сумкани ташлаб кетган аёлнинг шахси видеокузатув камералари орқали аниқланган. Қидирув давомида у Air Astana авиакомпаниясининг Олмаотага учаётган рейси орқали қочишга уринган вақтида ушланган.
Ҳозирда уларга нисбатан суриштирув ишлари олиб борилаётгани хабар қилинган. Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси суриштирув жараёнини назоратга олган ҳамда масъул ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ишчи алоқалар ўрнатилган. Шунингдек, ҳибсдаги фуқаролар билан учрашув чоралари кўрилаётгани айтилмоқда.
Дипломатик миссия ўзбекистонликларни хорижга, жумладан, Ҳиндистонга сафар қилиш чоғида чет давлатлар қонунчилиги талабларига қатъий риоя қилишга, турли шубҳали гуруҳлар ёки шахсларнинг ёлғон ваъдаларига алданиб қолмасликка чақирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистонда 3 килограмм 208 граммдан ортиқ олтинни ноқонуний йўллар билан мамлакатдан олиб чиқиб кетмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь