Ҳиндистонда Берунийга ҳайкал қўйилади
Жамият
−
02 Сентябрь 2023
5962Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳлида буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг ҳайкали ўрнатилади. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Аҳатов ва Жамия Миллия Исламия (JMI) университети ректори, профессор Нажма Ахтар учрашуви чоғида Берунийнинг ҳайкалини университет ҳудудида ўрнатиш бўйича келишувга эришилган.
Учрашув чоғида профессор Нажма Ахтар Абу Райҳон Берунийнинг бой илмий меросига юқори баҳо бериб, унинг “Китоб ул-ҳинд” асари Ҳиндистон ҳақида ёзилган илк ноёб илмий асарлардан бири эканини таъкидлаган. Шу боис қомусий олим ҳайкали унинг жаҳон ҳамжамияти, жумладан, ҳинд халқи олдидаги хизматларининг юксак эътирофи рамзи бўлади. Абу Райҳон Беруний ҳайкалини олий билим юртининг ҳуқуқшунослик, хорижий тиллар департаменти, дизайн ва инновация департаменти, араб-ҳинд маданият маркази ва бошқа бўлинмалари туташган гавжум майдончада ўрнатиш режалаштирилмоқда. Ҳайкал университетга Ўзбекистон томонидан тақдим этилади.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон олий ўқув юртлари ва JMI ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинган. Жумладан, Тошкент давлат шарқшунослик университети (ТДШУ) ва JMI ўртасида имзоланган Аҳдлашув меморандуми доирасида Тошкентга ҳинд ва урду тиллари бўйича икки нафар мутахассисни жўнатиш ва ТДШУнинг икки нафар мутахассисини ҳинд университетига юбориш бўйича якдил фикр билдирилган.
Айтилишича, Ўзбекистонлик ўқитувчилар Жамия Миллия Исламия ҳузурида 2004 йилда очилган ўзбек тили курсларида ёшларга сабоқ беради.
Шунингдек, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети (ЎзЖОКУ) ва JMI ҳузуридаги Оммавий коммуникациялар тадқиқот маркази ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболларини ўрганиш учун икки олий ўқув юртлари ўртасида ўзаро делегация алмашиниладиган бўлди.
Қайд этиш жоизки, Жамия Миллия Исламия университети Ҳиндистоннинг етакчи олий таълим масканларидан бири ҳисобланади. У 2020 йилда фаолиятининг 100 йиллигини нишонлаган. Университет фаолияти марказий ҳукумат томонидан молиялаштирилади. Бу ерда ҳуқуқ, гуманитар фанлар ва тиллар, нафис санъат, табиий фанлар, ижтимоий фанлар, инженерия ва технологиялар, таълим, меъморчилик, стоматология, бошқарув тадқиқотлари каби қатор йўналишларда мутахассислар тайёрланади. 20 минг нафар талабага 1000 нафар профессор ва ўқитувчилар дарс беради. Ўқув жараёнида Шарқ олимлари, жумладан, буюк ўзбек алломаларининг ноёб асарларини ўрганишга ҳам катта эътибор қаратилади. Таълим масканининг иккита биноси Абу Райҳон Беруний ва Абу Али ибн Сино номлари билан аталган.
Маълумот учун, август ойи охирида Ўзбекистон Президентининг “Абу Райҳон Беруний номидаги UNESCO – Ўзбекистон халқаро мукофотини таъсис этишни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Шунингдек, 4-8 сентябрь кунлари Париж шаҳрида Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини нишонлаш доирасида халқаро кўргазма ҳамда тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
LiveБарчаси