Ҳиндистон Трампнинг таҳдидига жавоб қайтарди

Олам

image

Ҳиндистон ҳукумати АҚШ ва Европа Иттифоқининг Россиядан нефть импорти бўйича танқидларини “асоссиз ва мантиқсиз” деб атади. Бу ҳақда кеча, 4 август куни Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари Нью-Деҳлида берган баёнотида айтиб ўтди.

“Ҳар қандай йирик иқтисодиёт каби Ҳиндистон ўз миллий манфаатлари ва иқтисодий хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўради”, деган вазирлик вакиллари. 

Уларнинг таъкидлашича, Ҳиндистон Россиядан нефть импортини фақат Россия-Украина уруши бошлангач, анъанавий етказиб берувчилари Европага йўналтирилганидан сўнг бошлаган. Баёнотда қайд этилишича, ўша пайтда АҚШ Ҳиндистонни бу импортни давом эттиришга ундаган – бу глобал энергетика бозоридаги барқарорликни сақлаб қолиш учун зарур деб баҳоланган.

Шунингдек, ТИВ Россиядан нефть импорти Ҳиндистон истеъмолчилари учун барқарор ва арзон нархларни таъминлаш мақсадида амалга оширилаётганини урғулаган. Ташқи ишлар вазирлиги Европа давлатлари ва АҚШ ўзлари ҳамон Россия билан савдо алоқаларини давом эттираётган бир пайтда Ҳиндистонни танқид қилаётганини “иккиюзламачилик” сифатида баҳолаган.

Маълумотларга кўра, 2024 йилда Европа Иттифоқи ва Россия ўртасидаги савдо ҳажми 67,5 миллиард еврога етган, бу 2023 йилдаги кўрсаткичга нисбатан тўрт баробар кўп. Европа Иттифоқи 2024 йилда Россиядан рекорд даражадаги – 16,5 миллион тонна суюлтирилган газ импорт қилган. Бу эса 2022 йилдаги аввалги рекорд – 15,21 млн тоннадан ҳам ошиқдир.

Европа, шунингдек, Россиядан ўғитлар, кон саноати маҳсулотлари, кимёвий моддалар, темир ва пўлат, машина ҳамда транспорт ускуналари сотиб олишда давом этмоқда. АҚШ эса Россиядан уран гексафториди, электромобиль ишлаб чиқариш учун палладий, ўғитлар ва кимёвий маҳсулотлар импорт қилмоқда.

Трампнинг Ҳиндистонга таҳдиди 

АҚШ Президенти Дональд Трамп Ҳиндистоннинг Россиядан нефть сотиб олаётганини танқид қилиб, унга нисбатан “кескин” бож ставкаларини жорий қилишини маълум қилди.

АҚШ Ҳиндистон маҳсулотларига 25 фоизлик бож жорий этиши айтилди. Бу чоралар АҚШ–Ҳиндистон савдо балансидаги номутаносиблик ва Ҳиндистоннинг Россия билан ҳамкорлигига жавобан қабул қилинди.

Дастлаб, Ҳиндистондаги тўртта давлат нефтни қайта ишлаш заводи Россиядан нефть харидини тўхтатгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ турли манбалар Ҳиндистоннинг Россиядан нефть импортини таҳдидларга қарамай давом эттиришини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Европа Иттифоқи нефть Ҳиндистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг