Ҳиндистон аҳоли сони бўйича Хитойни доғда қолдирди
Бу қизиқ
−
18 Январь 2023
18419Word Population Review (WPR) маълумотларига кўра, 2022 йилнинг охирида Ҳиндистон аҳолиси сони 1,417 миллиард кишини ташкил этган. Бу ҳақда “Bloomberg” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Ҳиндистон аҳолисининг сони Хитой аҳолисининг сонидан 5 миллионга кўп. Ҳозирда Хитой аҳолиси 1,412 миллиардни ташкил этмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ҳиндистон аҳолиси бўйича Хитойни ортда қолдириб, дунёда аҳоли сони бўйича етакчи бўлишини башорат қилган эди. WPR’нинг маълум қилишича, жорий йилнинг 18 январь ҳолатига кўра, Ҳиндистон аҳолиси янада кўпайган ва 1,423 миллиард кишини ташкил этган.
Ҳиндистон расмий равишда аҳолининг янги рақамларини эълон қилмаган. Мамлакатда одатда ҳар 10 йилда бир марта аҳолини рўйхатга олиш ўтказилади, аммо 2021 йилда бу пандемия сабабли қолдирилган.
БМТ прогнозига кўра, яқин йилларда Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги аҳоли сони бўйича фарқ сезиларли даражада ошади. 2050 йилга бориб Ҳиндистон аҳолиси 1,688 миллиард кишини, Хитойда эса 1,317 миллиард киши яшаши айтилган.
Умуман олганда, аҳоли сонининг энг катта ўсиши Конго Демократик Республикаси, Миср, Эфиопия, Ҳиндистон, Нигерия, Покистон, Филиппин ва Танзанияда кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Хитой Халқ Республикаси Давлат статистика бюроси маълумотларига кўра, 2022 йилда Хитой аҳолиси ўтган йилга нисбатан 850 минг кишига камайган эди.
Озода Чориева