Ҳеч бир шахс ёки ташкилот ҳаддан ташқари қудратга эга бўлиб кетмасин – Розенблюм
Жамият
−
15 Июнь 2022
10946Ўзбекистон ва АҚШ ҳеч бир шахс ёки ташкилотнинг ҳаддан ташқари қудратга эга бўлиб кетмаслиги ёки ҳисобдорликдан қочиш имконига эга бўлмаслигини таъминлаш учун чинакам назорат ва мувозанатлар тизимига эга бўлган ҳолда, халққа хизмат қиладиган жонкуяр ҳукуматларни тузсин. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм АҚШ мустақиллигининг 246 йиллиги ва Ўзбекистон-АҚШ дипломатик муносабатлари ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан кеча, 14 июнь куни Тошкентда ўтказилган расмий қабул маросимидаги нутқида гапирди.
У ўтган 4 ой давомида дунё майдонида содир бўлган воқеалар – суверенитет ва ҳудудий яхлитликнинг бузилиши қандай оқибатларга олиб келишига эътибор қаратди. Катта эҳтимол билан у Россиянинг Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларига шаъма қилди.
“Ўтган тўрт ой ичида содир бўлган воқеалар шуни яққол кўрсатдики, суверенитетнинг бузилиши аҳоли орасида даҳшатли талафотлар келтиради, суверенитет, мустақиллик ва ҳудудий яхлитлик халқаро муносабатларнинг ҳимоя қилиниши лозим бўлган тамойилларидир. Бусиз, бизнинг дунё ўрмон қонунига қайтади, бу шундай халқаро тартибки, ҳарбий жиҳатдан қудратли давлатлар ўз хоҳиш-иродаларини бошқа халқларга зўрлаб ўтказишлари мумкин бўлади, чунки уларнинг фикрича, ўша бошқа халқлар гўё яшашга ҳақли эмасдек”, дейди Розенблюм.
Элчи сўзида давом этаркан, қабул маросимига ташриф буюргани учун мамлакат Бош вазири Абдулла Ариповга миннатдорлик билдириб, АҚШ асосчиси Бенжамин Франклин айтган гапларни ёдга олди.
“Ўзбекистон ва АҚШ ўз мустақиллиги ва суверенитетларини доимо ардоқласинлар. Бошқа давлатларнинг мустақиллиги ва суверенитетини ҳам ҳимоя қилайлик. Американинг ғоят донишманд “асосчи аждодларимиздан” бири ва мамлакатимизнинг биринчи дипломати Бенжамин Франклин 1776 йил 4 июлда Мустақиллик Декларациясини имзолаётганида имзо чекувчи бошқа ҳамфикрларига айтганидек: “Биз ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқармасак, бошларимизга бирма-бир сиртмоқ тушади”.
Ўзбекистон ва АҚШ мустақилликнинг ўзи етарли эмаслигини, балки эркинлик ва яхши ҳукумат ҳам кераклигини доимо ёдда тутсинлар. Икки давлатимиз барча фуқароларимизнинг виждон эркинлиги, сўз эркинлиги, уюшма тузиш эркинлиги каби тамал ва умумбашар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга интилсинлар. Икки давлат ҳам ҳеч бир шахс ёки ташкилотнинг ҳаддан ташқари қудратга эга бўлиб кетмаслиги ёки ҳисобдорликдан қочиш имконига эга бўлмаслигини таъминлаш учун чинакам назорат ва мувозанатлар тизимига эга бўлган ҳолда, халққа хизмат қиладиган жонкуяр ҳукуматларни тузсин ва бардавом бўлсин”, дейди элчи.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Олий Мажлис спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари Абдулазиз Комилов, Ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов, Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов қатнашди. Элчи Дэниел Розенблюм улар даврасида шундай деди:
“Биз ушбу тамойилларни қўллаб-қувватлаш учун халқаро курашда бирлашамиз ва бошқаларни биз билан бирга юришга таклиф қиламиз. Агар шундай қилсак, дунё тинч ва фаровонроқ маконга айланажак. АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик эса гуллаб-яшнасин!”.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь