Ҳайвонга тақлид қилган болаларнинг ота-оналари огоҳлантирилди (видео)

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда ёшлар ўртасида ўзини маълум бир ҳайвон қиёфасида акс эттирувчи аксессуарлардан фойдаланган ҳолда ўша жонзотнинг хатти-ҳаракатларига тақлид қилиш кўринишидаги квадроберлик субмаданияти намоён бўлмоқда. Бу бўйича Ички ишлар вазирлиги маълумот берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 10 окятбрь куни Тошкент шаҳрида ҳайвонлар қиёфасидаги ниқобларни тақиб олган “квадробер” учратилган, 11 октябрда эса яна бир “квадробер” итга тақлид қилган ҳолда йўловчиларга ҳужум қилган, воқеага гувоҳ бўлган бола эса қаттиқ қўрқиб кетган.

“Мазкур ҳолатлар жамиятда юриш-туриш қоидаларига зид бўлиб, бу каби хулқ-атворни мутлақо қабул қилиб бўлмайди”, дейилади вазирлик хабарида.

Экспертларнинг фикрича, квадроберлик бола ўзига ҳайвонларнинг агрессив ҳаракатларини қабул қилишига, ўзини ва атрофдагиларни жароҳатлашига, боланинг ҳали тўла шаклланмаган психикасига зарар етишига ҳамда унинг жамиятдан ажратилиб қолишига олиб келиши мумкин.

Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасини эслатиб ўтган. Ушбу моддага кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар. Шунингдек, “Таълим тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, вояга етмаган таълим олувчиларнинг ота-онаси боланинг ўқиши, тарбияланиши, жисмоний, маънавий ва интеллектуал ривожланиши учун масъулдир.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши БҲМнинг 5 баробаригача (1 миллион 875 минг сўмгача) жаримага тортишга сабаб бўлади.

ИИВ бола ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашга масъул органлардан бири сифатида шундай субмаданият намоён бўлиши ҳолатлари ота-оналар томонидан ўз мажбуриятларини бажармаслик сифатида малакаланишини ҳам маълум қилган.

Шу билан бирга, квадроберлик боланинг руҳий ва эмоционал соғлиғига қандай таъсир этганлигини аниқлаш мақсадида зарур ҳолларда болаларни махсус психологик кўрикдан (конфиденциал тарзда, болани яккалаш ва дискриминация қилинишига йўл қўймайдиган дўстона усуллар орқали) ўтказиш ҳам талаб этилиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент шаҳри квадробер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг