“Ҳайратон – Мозори Шариф” темирйўлини реконструкция қилиш бошланди
Олам
−
21 Февраль
6551Бугун, 21 февраль куни "Ҳайратон" станциясида “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ ҳамда Афғонистон темирйўл бошқармаси вакиллари иштирокида "Ҳайратон – Мозори Шариф" темирйўл линиясини қайта тиклаш ва таъмирлаш ишларига бағишланган очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда "Ўзбекистон темирйўллари" акциядорлик жамияти маълум қилди.
Қайд этилишича, томонларнинг келишувига асосан, тиклаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, "Ўзбекистон темирйўллари" АЖ томонидан биринчи босқич учун 120 нафар ишчи ходим сафарбар қилинган.
Биринчи босқичда юк вагонларини қисқа муддатда “Найбобод” станциясига етказиб бериш кўзда тутилган. Ушбу мақсадда “Ҳайратон” станциясининг “Б” паркида ҳамда темирйўл инфраструктурасининг 57 км бўлган ҳудудларида тўлиқ тиклаш ишлари параллел равишда ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг февраль ойи бошларида “Ҳайратон – Мозори Шариф” темирйўлидан фойдаланиш бўйича 2 йиллик битим имзоланган эди.