Ҳайдовчини ўз электромобили “ўғирлаб кетди”
Бу қизиқ
−
07 Октябрь 2023
17045Шотландиялик ҳайдовчи электр машинасини тўхтата олмади. Ҳаракатланаётган машинада қулфланиб қолганидан сўнг у ёрдам сўраб полицияга мурожаат қилишга мажбур бўлган. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Айни пайтда эркак ўзининг электромобили томонидан “ўғирлаб кетилгани”ни даъво қиляпти. 53 ёшли Брайан Моррисоннинг сўзларига кўра, унинг янги ҳашаматли машинаси буйруқларга жавоб бермаган ва “ўзи истагандек” тезлик олган. Тўсатдан қулфланиб қолганини пайқаган электромобиль эгаси 999 рақамига мурожаат қилган.
Ҳодиса у ишдан уйга қайтаётганида содир бўлган. Брайаннинг MG ZS EV машинаси шаҳар йўллари бўйлаб соатига тахминан 50 километр тезликда сайр қилган.
"Мен тормоз босишга қарор қилганимда нимадир нотўғри эканлигини тушундим, лекин машинани тўхтата олмадим. Кейин тормоз прокладкаларининг овозига ўхшаш товуш эшитдим, лекин бу янги машина бўлгани учун бундай муаммо пайдо бўлиши мумкин эмас, деган хаёлга бордим. Қулфланиб қолганимни сезганимдаги аҳволимни тасаввур қила олмайсиз", дея қўшимча қилган у.
Машинаси “ўғирлаб кетаётган жабрланувчи”ни қутқариш операциясида учта полиция машинаси иштирок этган. Офицерлар дастлаб Моррисондан машина калитини фургон ойнаси орқали ташлашни сўраган. Улар двигателни шу тарзда ўчириб қўйишга умид қилган, аммо бу ёрдам бермаган. Шундан сўнг, қутқарувчилар ҳайдовчидан қувват тугмасини уч марта босиб двигателни фавқулодда ўчиришни сўраган. Бироқ бу ҳам иш бермаган.
Ниҳоят полиция электромобилнинг йўлини тўсиб қўйишга қарор қилди. Оқибатда у микроавтобуснинг орқасига келиб урилган. Шундан кейингина электромобиль тўхтади. Моррисоннинг суғурта компанияси айни пайтда ҳодиса юзасидан тергов олиб борилаётганини маълум қилган.
Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот хизматлари маълумотларига кўра, ҳодиса туфайли ҳеч ким жабрланмаган.
LiveБарчаси