Ҳайдовчилар мобил радарлар ҳақида белги орқали огоҳлантирилмаслиги мумкин
Жамият
−
11:57 1886 1 дақиқа
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 октябрдаги қарори билан радарлар жойлашган ҳудудларда огоҳлантирувчи йўл белгиларини ўрнатиш тартиби ўзгартирилди. Тегишли ўзгартиш ҳукуматнинг 2025 йил 15 майдаги “Йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 318-сон қарорига киритилди.
Аввалги қоидага мувофиқ, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб тезликни назорат қилувчи барча турдаги стационар ва мобил радарлар жойлашган ҳудудда, шунингдек, улардан 250–500 метр олдин “Радар” белгиси ўрнатилиши шарт эди.
596-сон қарор билан ушбу талабга аниқлик киритилди. Хусусан, ҳужжатдаги “ҳар қандай турдаги стационар ва мобил радарлар” деган ифода “стационар радарлар” сўзи билан алмаштирилди. Бу эса мобил радарлар учун мазкур белгини ўрнатиш мажбурияти бекор қилинганини англатади.
Бундан ташқари, Йўл ҳаракати қоидаларининг 5.43 — “Радар” белгисига оид қисми ҳам янгиланди. Энди ушбу белги тезлик стационар радарлар орқали назорат қилинадиган жойдан 250–500 метр олдин ўрнатилиши белгиланган.
Шу тариқа, стационар радарлар олдида огоҳлантирувчи белги бўлиши шарт. Мобил радарларга нисбатан эса бундай талаб белгиланмаган.
Live
Барчаси01 Ноябрь
01 Ноябрь