Ҳасанбой Дўсматов IBA.PRO чемпионлик камари учун жанг қилади
Sport
−
15:25 680 1 minute
Икки карра Олимпия чемпиони Ҳасанбой Дўсматов жорий йилнинг 4 декабрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида IBA.PRO чемпионлик камари учун рингга кўтарилади. Бу ҳақда Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) маълум қилди.
52,2 килограмм вазн тоифасидаги 10 раундлик жанг “Синан Эрдем” спорт аренасида Президент кубоги финал босқичи доирасида ўтказилади. Ушбу баҳсда Дўсматовга филиппинлик Родерик Баутиста рақиблик қилади.
Рио-2016 ва Париж-2024 Олимпия ўйинлари ғолиби Ҳасанбой Дўсматов Ўзбекистоннинг энг маҳоратли боксчиларидан бири ҳисобланади. Энди у ўз ютуқлари қаторига IBA.PRO чемпионлик камарини ҳам қўшишга ҳаракат қилади.
Чемпионлик жанги жорий йилнинг 27 ноябридан 4 декабрига қадар бўлиб ўтадиган илк IBA Президент кубогининг якуний дастурига киритилган.
Мусобақа ҳаваскор ва профессионал боксчиларни ягона спорт йўлида бирлаштиришга қаратилган янги халқаро платформа – IBA Elite лойиҳаси доирасида бўлиб ўтади.
Турнирнинг умумий мукофот жамғармаси 3 миллион долларни ташкил этади. Эркаклар ўртасида 12 та вазн тоифасида баҳслар ўтказилади. Ғолиблар 100 минг доллар, кумуш медаль соҳиблари 50 минг доллар, бронза медаль соҳиблари эса 25 минг доллардан мукофот олади.