Иситма туширувчи сироп сабаб 3 яшар қизча вафот этди

World

−

image

Туркиянинг Истанбул шаҳрида 3 яшар қизча иситма туширувчи сиропни юқори дозада қабул қилгани оқибатида вафот этди. Бу ҳақда “Haberler” хабар берди.

Маълум қилинишича, қизчанинг ўлими юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан кенг қамровли тергов олиб борилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, боланинг ўлимига иситма туширувчи сиропнинг меъёридан ортиқ дозада берилгани сабаб бўлган бўлиши мумкин. Ҳозирда ушбу тахмин юзасидан текширув давом этмоқда.

Нашрга кўра, мазкур воқеадан сўнг болаларга иситма туширувчи дориларни бериш тартиби ва уларнинг дозаси юзасидан муҳокамалар кучайган.

Жумладан, болалар саломатлиги бўйича мутахассис шифокор Гюнай Жантур боланинг пешонасига ёки танасига қўл теккизиб, иссиқлигига қараб дори бериш нотўғри эканини билдирган. Унинг айтишича, тана ҳарорати 38 даражадан ошганда боланинг кийимларини енгиллаштириш ва хонани шамоллатиш керак. Иситма кўтарилишда давом этса, шифокор тавсиясига мувофиқ иситма туширувчи дори бериш мумкин. Бунда боланинг ҳароратини мунтазам ўлчаб туриш муҳим.

Шунингдек, мутахассис парацетамолни камида 4 соат, ибупрофенни эса 6 соат оралатиб бериш мумкинлигини айтган. Дори таъсири одатда 1–1,5 соатда намоён бўлади. Шу сабабли, таъсирини кутмасдан болага қайта сироп бериш мумкин эмас. Дори дозаси боланинг вазнига мос равишда шифокор кўрсатмаси асосида белгиланиши, сироп эса махсус ўлчов идишида берилиши лозим.

Жантурк, айниқса, парацетамолни меъёридан ортиқ қабул қилиш жигарга токсик таъсир кўрсатиб, жигар етишмовчилигига олиб келиши мумкинлигини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда 2 яшар қизча бир вақтнинг ўзида 250 та магнитни ютиб юборгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends