Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилади

Жамият

image

Қуролли кучлар академияси ислоҳ қилиниб, унинг негизида Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилади. Бу ҳақда бугун, 29 июль куни Ўзбекистон Президенти, Қуролли кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев ҳарбий таълим тизимини такомиллаштиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишиш чоғида сўз борди. 

Маълум қилинишича, Мудофаа вазирлигининг барча ҳарбий таълим муассасалари – 5 та институт, Сержантлар тайёрлаш олий мактаби ҳамда Авиация ва учувчисиз учиш аппаратлари мутахассисларини тайёрлаш маркази институт мақомида мазкур университет таркибига ўтказилади. Бу марказлашган вертикал тизимни ҳосил қилиб, қўшинларнинг жанговар салоҳиятини ошириш, дуал таълимни кенгайтириш, илмий тадқиқотларни амалиётга татбиқ этишга хизмат қилади.

Сержантлар тайёрлаш олий мактабида армиянинг асосий таянчи бўлган сержантларни ўқитиш, уларда етакчилик қобилиятини шакллантириш, замонавий қуроллар ва янги тактик усуллар бўйича кўникмаларини оширишнинг янги тизими жорий этилади.

“Янгиликлардан яна бири – тор доирадаги ихтисосликлар бўйича “2+2” тартиби йўлга қўйилишидир. Яъни, психолог, алоқачи, таъминотчи, омборчи каби 18 хил ёндош соҳа мутахассислари бошқа олий таълим муассасаларининг 2-босқич талабалари орасидан саралаб олинади”, дейилган тақдимотда. 

Шунингдек, тақдимотда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, янги ўқув йилидан бошлаб, битирувчи босқич курсантлари учун танлов асосида “Олий Бош қўмондон” давлат стипендияси жорий этилиши айтилди. Мазкур стипендия соҳиби бакалавриатни тамомлаганидан сўнг 5 йил мобайнида олий ҳарбий таълим муассасаларининг магистратурасига имтиҳонларсиз қабул қилинади.

Қайд этилишича, эндиликда олий ҳарбий таълим муассасаларининг 36 та таълим йўналиши битирувчилари бирйўла иккита диплом – фуқаролик ва ҳарбий касбга мўлжалланган мутахассислик эгаси бўлади. Бу уларнинг ҳарбий хизматдан кейин ҳам фаол ишлаши имконини беради.

Тақдимотда ушбу таклифлар маъқулланган ва уларни амалиётга самарали татбиқ этиш бўйича кўрсатмалар берилган.

Эслатиб ўтамиз, 14 февраль куни Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари билан ўтказган мулоқотида ҳарбий олийгоҳларнинг намунали тингловчилари учун “Олий Бош қўмондон” давлат стипендияси жорий этилишини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев мудофаа университети “Олий Бош қўмондон” давлат стипендияси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг