Ҳаммаси Путинга боғлиқ. Жонсон Кремлга қарши санкциялар қачон кучга киришини айтди
Олам
−
02 Февраль 2022
8176Россия Украинага бостириб кириши билан Буюк Британиянинг Москвага қарши санкциялари автоматик тарзда кучга киради. Иқтисодий чоралар Россия бизнесига зарба беради. Бу ҳақда Британия Бош вазири Борис Жонсон Украина Президенти Владимир Зеленский билан музокарадан кейин шундай баёнот берган.
Жонсонга кўра, расмий Лондоннинг аввал қисман эълон қилган санкциялари 10 февраль куни тайёр бўлади.
“Москва бу санкциялар Украинага бостириб кириш бошланган дақиқада автоматик тарзда кучга киришини, тушуниши жуда муҳим”, деган Британия Бош вазири.
Жонсон Украина атрофидаги вазият юзасидан оптимистик кайфиятда. У юзага келган инқирозли ҳолатдан ҳамон дипломатик йўллар билан чиқиш мумкин, деб ҳисобламоқда.
“Россия орқага чекиниши ва дипломатия йўлини танлаши жуда муҳим ва мен бу мумкинлигига ишонаман. Биз мулоқотдан манфаатдормиз, лекин санкцияларимиз тайёр, биз ҳарбий ёрдам берамиз ва иқтисодий ҳамкорликни ҳам мустаҳкамлаймиз”, деган Жонсон.
Британия Бош вазири Россиянинг Украинага эҳтимолий ҳужуми Россия ҳукумати учун “ҳарбий фалокат” бўлади, деган фикрни билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Борис Жонсон Японияга режалаштирилган сафарини бекор қилиб, кеча, 1 февраль куни Украинага борди.
LiveБарчаси