ҲАМАСнинг барча аъзолари Қатардан чиқиб кетди – ОАВ

Олам

image

Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюросининг барча аъзолари оилалари билан бирга Қатардан чиқиб кетди. Бу ҳақда ўз манбасига таяниб, “Sky News Arabia” телеканали хабар берди. 

“ҲАМАС раҳбариятининг барча аъзолари оилалари билан биргаликда Қатардан чиқиб, турли йўналишларга кетишди”, дейилади хабарда. 

Америкалик манбалар ҳам Исроилнинг “Kan-11” телеканалига берган изоҳларида ҲАМАС раҳбарларининг Қатардан чиқиб кетганини тасдиқлаган.

“ҲАМАС раҳбарлари АҚШнинг ҳамкори бўлган давлат пойтахтида қолишга лойиқ эмас”, дея баёнот берган америкаликлар. 

Манбаларга кўра, ҲАМАСни Қатардан чиқариш қарори ташкилот раҳбариятининг гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишувлардан, жумладан, ташкилотнинг собиқ етакчиси Яҳё Синварнинг ўлдирилишидан кейин Доҳада бўлиб ўтган саммитда муҳокама қилинган қисман келишувдан воз кечишда давом этгани сабабли қабул қилинган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 ноябрь куни Қатар ҳукумати Ғазо секторида сулҳ тузиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокараларда воситачилик ролидан воз кечиб, ҲАМАС ҳаракатини ўз идорасини Доҳадан кўчириш зарурлиги ҳақида огоҳлантирган эди.

19 ноябрь куни Қатар Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Мажид бин Муҳаммад аль-Ансарий ҲАМАСнинг Ғазо бўйича музокаралар гуруҳи аъзолари Доҳада эмаслигини маълум қилган. Шунингдек, у ҲАМАС сиёсий бюроси офиси Қатарда мулоқот учун жойлашганини, воситачилик функциялари бўлмаса, ҳаракат ваколатхонаси мавжуд бўлишига зарурат кўрилмаётганини таъкидлаган. 

Шундан сўнг, “The Times of Israel” нашри исми ошкор этилмаган араб дипломатик манбасига таяниб, ҲАМАСнинг юқори лавозимли раҳбарлари Қатар воситачиликни тўхтатганидан сўнг Туркияга кетганини ёзганди. Ушбу хабар кейинчалик ҲАМАС ва Туркия ташқи ишлар вазирлиги томонидан рад этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қатар ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг