ҲАМАС етакчисининг синглиси Исроилда ҳибсга олинди
Олам
−
01 Апрель
7062Исроил ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҲАМАСнинг Сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хониянинг синглисини ҳибсга олди. Бу ҳақда “Kan” давлат телерадиокомпанияси хабар берди.
Айтилишича, у Исроилда истиқомат қилади ва гуруҳ билан алоқадаликда гумон қилинмоқда. “Kan”нинг хавфсизлик хизматидаги манбалари ушланган аёл, 57 ёшли Сабаҳ Абд ал-Салом Хония ҲАМАС етакчисининг синглиси эканини тасдиқлаган.
Ўз навбатида, Исроил полицияси матбуот хизмати Тель-Шева шаҳрида ўтказилган рейд давомида ҲАМАС етакчиларидан бирининг қариндоши қўлга олингани ҳақида хабар берган. Бироқ полиция қўлга олинган шахснинг исмини очиқламаган.
“Жанубий округ ва хавфсизлик хизмати томонидан олиб борилган қўшма тергов доирасида Тель-Шевада ҲАМАСнинг юқори мартабали аъзосининг қариндоши ҲАМАС жангарилари билан алоқада бўлганликда, шунингдек, Исроилда террорчилик ҳаракатларини содир этиш ва қўллаб-қувватлашда гумонланиб, ҳибсга олинди”, дейилади полиция баёнотида.
Полиция тинтув пайтида гумонланувчининг уйидан турли ҳужжатлар, медиаматериаллар ва бошқа далилларни топганини иддао қиляпти.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 январь куни ҲАМАС етакчиси Шайх Аҳмад Ясиннинг набираси Али Салим Абу Ажа Ғазо секторидаги ҳаво ҳужумида ҳалок бўлганди.