ҲАМАС асосчисининг набираси ўлдирилди
Олам
−
08 Январь
9806ҲАМАС етакчиси Шайх Аҳмад Ясиннинг набираси Али Салим Абу Ажа кеча, 7 январь куни Ғазо секторидаги ҳаво ҳужумида ҳалок бўлди. Бу ҳақда "Egypt today" нашри хабар берди.
Хабарда айтилишича, кеча Рафаҳда Исроил учувчисиз дронларининг ҳужуми оқибатида “Al Jazeera” телеканалининг Ғазо бўлими бошлиғи Ваил ал-Даҳдуҳнинг ўғли ҳалок бўлди.
“Ҳамза ал-Даҳдуҳ ва унинг икки журналист билан бирга кетаётган машинаси Исроил томонидан портлатилган”, дея хабар берди телеканал.
Ракета урилган машинада ҲАМАС асосчиси ва руҳий етакчиси Шайх Аҳмад Ясиннинг набираси Али Салим Абу Ажа ҳам бўлгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Аниқлик киритилишича, Абу Ажа Фаластин матбуотида ишлаган ва у ердаги воқеликни ёритиб борган. Машинада бўлган яна бир журналист Мустафо Турая эса "France-Press" агентлигида оператор бўлиб фаолият кўрсатган.
Маълумот учун, Аҳмад Ясин ҲАМАС ҳаракати асосчиларидан бири бўлиб, у 1937 йил 1 январда Ал-Жура шаҳрида туғилган. 2004 йилнинг 22 март куни Ғазо секторида 67 ёшида исроиллик аскарлар томонидан ўлдирилган.
Эслатиб ўтамиз, Ғазодаги жангларда Исроил Вазирлар Маҳкамаси вазири ва собиқ ҳарбий раҳбар Гади Айзенкотнинг ўғли Гал Меир Айзенкот ҳалок бўлганди.
LiveБарчаси