ҲАМАС АҚШнинг Ғазода сулҳ тузиш бўйича таклифига жавоб берди

Олам

image

ҲАМАС АҚШ томонидан илгари сурилган Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича таклифга ўз жавобини тақдим этди. Бу ҳақда музокаралар билан таниш бўлган фаластинлик амалдорга таяниб, “Reuters” хабар берди.

Манбанинг айтишича, гуруҳнинг реакцияси “ижобий” бўлган ва улар ҳам “келишувга эришиш учун ҳисса қўшиши керак”.

Бунгача АҚШ Президенти Дональд Трамп деярли 21 ойдан бери давом этаётган Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли можарода 60 кунлик сулҳ таклифини “якуний таклиф” деб атаган эди. У ҳар икки томондан тез орада жавоб кутаётганини билдирган. “Reuters” манбаси ҲАМАС ўз жавобини воситачилар – Қатар ва Мисрга аллақачон етказганини айтган.

“ҲАМАСнинг жавоби ижобий ва менимча, бу келишувга эришишга ёрдам беради ҳамда уни осонлаштиради”, дейди у.

Кеча, 4 июль куни журналистлар “ҲАМАС келишувга рози бўлганми?”, деган савол билан Трампга мурожаат қилганида у: “Буни 24 соат ичида билиб оламиз”, деб жавоб берган. Шунингдек, Трамп Ғазодаги ўт очишни тўхтатиш бўйича “қатъий позиция”да туришини ва Исроил Бош вазири ҳам вазиятни юмшатишга қизиқиш билдирганини айтган.

“Умид қиламизки, бу амалга ошади ва биз сабрсизлик билан бу воқеанинг келаси ҳафта содир бўлишини кутяпмиз. Биз гаровдагиларни озод қилишни хоҳлаймиз”, дейди Трамп.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп Исроил 60 кунлик вақтинчалик ўт очишни тўхтатишга рози бўлганини билдирган эди. Шу давр мобайнида Ғазодаги ҳарбий можарони бутунлай якунлашга қаратилган қадамлар ташланиши режалаштирилган.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳозирча Трампнинг баёнотига очиқ изоҳ бермаган. Бироқ “Reuters” таҳлилига кўра, Тель-Авив ва ҲАМАСнинг расмий риторикаси ҳануз кескин ва муросасизлигича қолмоқда. Нетаньяху бир неча бор ҲАМАСни қуролсизлантириш тинчликка эришиш учун мажбурий шарт эканини таъкидлаган. Бироқ тахминларга кўра, ҳануз 20 га яқин гаровдагиларни ушлаб турган ҲАМАС бу мавзуни муҳокама қилишдан бош тортмоқда.

Ғазо секторидаги қуролли можаролар 2023 йил октабр ойида ҲАМАС аскарларининг Исроил ҳудудига ҳужуми ортидан бошланган эди. 2024 йил январь ойида томонлар икки ойга чўзилган вақтинчалик сулҳга эришган. 18 март куни эса Исроил армияси Ғазодаги ҳарбий амалиётларни қайтадан бошлаган ва уларни кенгайтирган.


Мақола муаллифи

Теглар

сулҳ Ғазо ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг