ҲАМАС 11 йил олдин ҳалок бўлган яҳудий аскарининг жасадини Исроилга топширди

Олам

image

ҲАМАС ҳаракати 2014 йилда “Синдирилмас қоялар” (“Protective Edge”) ҳарбий амалиёти вақтида ҳалок бўлган лейтенант Ҳадар Голдиннинг жасад қолдиқларини Исроилга қайтарди. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ҳарбий хизматчининг тобути кеча, 9 ноябрь куни ҳаракат томонидан Халқаро Қизил Хоч қўмитаси воситачилигида топширилган. “Financial Times” нашрининг ёзишича, суд-тиббий экспертиза институти олдида юзлаб исроилликлар жасаднинг аниқланиш натижаларини кутиб тўпланган. Нашр Ҳадар Голдинни Исроилнинг “миллий рамзларидан бири” деб атаган — масалан, лейтенантнинг сурати Бош вазир Биньямин Нетаняхунинг иш столида турган.

“Бу йиллар давомида барча Исроил ҳукуматлари Голдинни қайтариш учун катта саъй-ҳаракатлар олиб борди. Табиийки, бу унинг оиласи учун оғир азоблар даври бўлди, бироқ энди улар ўғлини яҳудий урф-одатларига кўра дафн этишлари мумкин. Давлат ташкил топган кундан бери бизда бир васият бор — жангда ҳалок бўлган аскарларимизни қайтариш”, дейди Исроил Бош вазири Нетаняху ҳукумат йиғилишида.

Маълумот учун, 2014 йилда ҲАМАС’нинг ҳарбий инфратузилмасини йўқ қилиш мақсадида ўтказилган амалиёт чоғида 66 нафар исроиллик ҳарбий ҳалок бўлган. БМТ маълумотларига кўра, фаластинликлар орасида 2 мингдан ортиқ киши, асосан тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.

Исроил Мудофаа вазирлиги ўша пайтда 23 ёшли Ҳадар Голдин жанг пайтида асирга олинганини билдирган эди. Кейинчалик Исроил уни ҳалок бўлган деб тан олган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҲАМАС ҳаракати томонидан уч нафар ҳалок бўлган гаровдагиларнинг жасади солинган тобутлар Қизил Хоч орқали Исроил мудофаа кучлари ва Бош хавфсизлик хизматига топширилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ҲАМАС яҳудий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг