Бердимуҳамедовнинг дабдабали ташрифи. Гулнора қани, пуллари-чи? – Можароли ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
26 Апрель 32298 17 дақиқа
Ҳурматсиз Лавровнинг можароли ташрифи
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 22-23 апрель кунлари Ўзбекистонга кўплаб эътирозларга сабаб бўлган можароли ташрифини амалга оширди. Унинг Ўзбекистонга нисбатан ҳурматсизлиги самолёт трапи олдидан бошланди. Бу эса мамлакатда сўзсиз ҳафтанинг энг муҳим воқеаси бўлди.
Самарқанд аэропортида уни қучоқ очиб кутиб олган Ташқи ишлар вазири, мавқедоши Бахтиёр Саидовни Лавров ўзига яқинлаштирмай, қучоқлашишни ҳам истамай, елкасидан итарди. Камига суратга тушаётганда ҳам унда оғачилик, менсимаслик кайфияти сезилиб турарди. У халқаро тан олинган мавжуд дипломатик протоколларни унутиб ёки атайин Бахтиёр Саидовга худди ёш болага муносабат қилгандек, қўлини елкасига ташлаганча камералар қаршисида намоён бўлди. Ҳолбуки, 10 апрель куни АҚШга борган Бахтиёр Саидовни Қўшма Штатлар Давлат котиби Марко Рубио қароргоҳида қучоқ очиб кутиб олган эди.
“Ўйлаб кўрсак, бошқа давлатнинг Ташқи ишлар вазири келиб, ўзига тенг Ташқи ишлар вазирининг қучоғини қабул қилмасдан, ўнлаб камералар кўз ўнгида унинг елкасига бемалол панжасини қўйиб жавоб қайтариши – бу дипломатик протокол қоидаларига зид эканини яхши билиши керак. Биз энди доминантликни (яъни устуворликни) шу йўл ила намоён қилмоқчи эканини қабул қилмаймиз ва буни новербал услуб орқали намойиш этмоқчи бўлганлигини англаймиз. Биз нозик Шарқ одамларимиз, жаноб Лавров қариб қолиб буни тушунмаса истеъфога чиқсин!” дейди ЎзЖОКУ ректори Шерзодхон Қўдратхўжа.
23 апрель куни Самарқанддаги Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган ва дараксиз кетганлар хотирасига бунёд этилган “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гул қўйган Лавров, мажмуадаги битиклар нега фақат ўзбек ва инглиз тилларида эканидан нолиди. “Экскурсовод” эса Самарқанд туристик шаҳар бўлгани учун инглиз тилидан фойдаланган, дея изоҳ берган. Гап ҳайкал остига ёзилган “Сен ҳар доим бизнинг қалбимиздасан, азизим” сўзлари ҳақида кетмоқда. Лавровнинг ёнида туриб, унинг эътирозини эшитган Бахтиёр Саидов бунга муносабат билдирмаган.
Ўзбекистондаги ҳайкал пойига ёзилган сўзларнинг русчаси йўқлиги эса Россия матбуотида жиддий хатога йўл қўйилгандек, гўё Ўзбекистон Россия субъектидек, бу ерда русча ёзув бўлиши мажбурийдек ёритилди. Албатта, Ўзбекистон жамоатчилиги ва зиёлилари ҳам бундай муносабатларга жим тургани йўқ.
“Ҳар бир мамлакат ўзининг ҳудудидаги тарихий обида ёки ҳайкали атрофида қайси тилда ёзишини фақат ўзи ҳал қилади. Четдан келиб, бошқа давлатнинг Ташқи ишлар вазири бизни танқид қилиши нотўғри. Зеро, биз уларнинг колонияси эмасмиз! Бизнинг вазирлар ҳам Россияга борганда баъзи масалалар бўйича Лавров каби дадил савол беришни ўрганишлари керак, шекилли”, дейди ЎзЖОКУ ректори Шерзодхон Қўдратхўжа.
Гўё Россия Президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини олиб келган Сергей Лавров Ўзбекистон Президенти қабулида ҳам бўлди. Учрашув бўйича Президент Матбуот хизмати томонидан берилган ахборотда деярли навбатчи гапларни учратасиз. Бахтиёр Саидов эса Лавров билан мулоқотда Россияни ишончли ҳамкор деб атаган.
Республика раҳбарияти билан учрашувдан сўнг матбуот анжумани ўтказган Лавров яна рус тили масаласига чуқурроқ тўхталди. Унинг айтишича, Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистондан Россияга бораётган меҳнат мигрантлари рус тили ва Россия қонунларини билиши керак.
“Вазиятни глобал миқёсда олиб борадиган бўлсак, албатта, меҳнат муҳожирлари сонининг қисқаришига олиб келадиган чоралар бизнинг манфаатларимизга тўғри келмайди, чунки ишчи кучи танқислиги тегишли режаларни камроқ реаллаштириши мумкин. Аммо муаммонинг иккинчи қисми – Россия қонунларига риоя қилиш ва меҳнат муҳожирлари орасида жиноий тенденцияларнинг ривожланишининг олдини олиш зарурати. Ва шунга ўхшаш ҳолатлар мавжуд”, дейди у.
Лавровнинг айтишича, Россия Ўзбекистонни қонунбузарликлар учун имкониятларни, шунингдек, мигрантлар ўртасида терроризм ва жиноятчилик хавфини минималлаштириш “зарурлигини тўлиқ тушунади”, деб ҳисоблайди.
“Россия Ўзбекистон раҳбарияти, шахсан Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг миллатлараро тотувликни сақлаш ва Ўзбекистонда миллатлараро мулоқот тили бўлган рус тилининг мавқеини, рус маданий-тарихий мавжудлигини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини изчил қўллаб-қувватлайди. Мамлакатда миллионга яқин юртдошларимиз истиқомат қилади, қолган Ўзбекистон фуқаролари эса у ёки бу тарзда кундалик ҳаётда рус тилида мулоқот қилади”, деди Лавров.
Лавров Ўзбекистонга келиб нима деб кетишидан, ўзини қандай тутишидан ва нимани экспорт қилишга уринишидан қатъи назар Ўзбекистондаги амалдорларнинг бу борада ўз нуқтаи назари бор, деб ишонилади. Ҳар ҳолда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарованинг айнан Лавров келган кун – 22 апрелда имзолаган буйруғи шундан далолат бермоқда.
Ҳужжатга кўра, эндиликда Ўзбекистонда таълим тили ўзбек тили бўлмаган синф битирувчилари ҳам давлат тилидан имтиҳон топширади. Маълумки, мамлакатдаги 9468 та умумий ўрта таълим мактабининг 972 таси рус тилида. Давом этаётган ўқув йилида эса уларда 666443 нафар ўқувчи таҳсил оляпти. Албатта, Ўзбекистонда қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман тилларида фаолият юритадиган давлат мактаблари ҳам бор, аммо уларнинг сони рус мактабларидан анча кам.
Хуллас, умумий ўрта таълим олувчиларнинг якуний давлат аттестацияси тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, битирувчи синфларда якуний аттестация ўтказиладиган фанлар рўйхатига таълим тили ўзбек тили бўлмаган мактаблар учун давлат тили мажбурий фанлар блокига киритилади. Буни ҳақиқий сиёсий ирода, деса бўлади. Менимча ҳам ҳадеб даҳанаки жангга киравермасдан, ўз тилимизнинг ўз маконимиздаги обрўйини мустаҳкамлашга кўпроқ эътибор қаратсак, тилимизни ҳар қандай бегона сўзлардан тозаласак, натижа кўпроқ бўлади. Ҳар ҳолда 35 йилда ҳам ўз тилимизнинг “бардак” бўлиб ётишига Лавров айбдормас.
Бердимуҳамедов ва қизига дабдабали мезбонлик
Туркманистоннинг собиқ президенти, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ҳафта бошидан буён Қозоғистон ва Қирғизистонга сафар қилиб, Ўзбекистонга ҳам келди. Бошқа ташрифлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонга сафарда унга биринчи марта тўнғич қизи Огулжаҳон Отабоева ҳамроҳлик қилди. Тўнғич қиз ўтган йилнинг декабрь ойида Гурбангули Бердимуҳамедов номидаги Қаровга муҳтож болаларга кўмаклашиш хайрия жамғармасининг тиббий фаолият бўйича вице-президенти лавозимига тайинлангунга қадар ҳеч қаерда кўриниш бермаган.
Гурбангули Бердимуҳамедов Самарқанд халқаро аэропортида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан катта иззат-ҳурмат, тантана ва дабдаба билан кутиб олинди. Унга миллий либослардаги болалар ва қизлар пешвоз чиқди.
“Арқадағ” ташрифини Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишдан бошлади.
Кейин Мирзиёев ва Бердимуҳамедов, шунингдек, уларнинг қизлари Саида Мирзиёева ва Огулжаҳон Отабоева “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик боғини айланди, тарихий ёдгорликлар билан танишди.
Ташрифнинг расмий тадбирлари 24 апрель куни бўлиб ўтди. Мирзиёев ва Бердимуҳамедов тор доирада ва расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказди. Бироқ Ўзбекистонда бошқа мамлакатнинг парламент юқори палатаси раисига нисбатан кўрсатилаётган бу тарз олий ҳурмат фақат Гурбангули Бердимуҳамедовга хослигича қолмоқда.
Туркманистон Марказий Осиёда ёпиқ қолаётган мамлакат сифатида ҳамон биринчи бўлиб турибди. 2006 йилдан 2022 йилгача мамлакатни 16 йил давомида бошқарган Гурбангули Бердимуҳамедов президентлик лавозимини ўғли Сердар Бердимуҳамедовга топширди ва 2023 йилдан мамлакат парламенти юқори палатасига раислик қилиб келмоқда. Шунга қарамай, у олий давраларда мамлакатнинг юқори раҳбариятидек қабул қилинади, Президентлар ўтирган стол атрофидан жой олади.
Таъбир жоиз бўлса, бу Туркманистон элитасининг тугаётган ойда Ўзбекистонга иккинчи ташрифи. 3-4 апрель кунлари Самарқандда бўлиб ўтган Марказий Осиё – Европа Иттифоқи саммитида Туркманистон номидан Президент Сердар Бердимуҳамедов иштирок этганди.
Шавкат Мирзиёев туркман халқининг миллий етакчисини қуруқ қўл билан қайтармади. Уни “Олий Даражали Дўстлик” ордени билан мукофотлади. Унинг қаламига мансуб “Тафаккур гавҳари” китобининг ўзбек тилидаги нусхасини топширди.
Ўзбекистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан туркман гази импортини тиклаш масаласини муҳокама қилганми ё йўқ, бу бўйича расмий ахборот берилмади. Аммо Бердимуҳамедовнинг Қозоғистон ва Қирғизистонга ташрифларида газ, энергетика масалалари кун тартибида бўлган. Газ соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, Қозоғистоннинг хорижий ҳамкорлар билан биргаликда Галкиниш конини ўзлаштириш лойиҳасида иштирок этиши алоҳида муҳокама қилинган.
Гарчи Туркманистон миллий етакчиси билан газ масаласи муҳокама қилинганига аниқлик киритилмаган бўлса-да, Сергей Лавров Ўзбекистонга Россиядан газ экспорти икки бараварга оширилишини айтиб кетди. Унинг қайд этишича, газ соҳасида ҳам ҳамкорлик ривожланмоқда, қатор инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда, бу эса Россия Федерациясидан Ўзбекистонга газ етказиб беришни икки бараварга ошириш имконини беради.
Қозоғистонда айтилишича, Ўзбекистонга Қозоғистон орқали етказиладиган Россия газининг йиллик ҳажмини 2038 йилгача 11 миллиард куб метргача ошириш режалаштирилмоқда. 2024 йилда Қозоғистон рус газининг Ўзбекистонга транзитини 3 бараварга оширган, 2025 йилда эса 30 фоизга ошиши кутилмоқда.
Гулнора қани? Пуллари-чи?
Тугаётган ҳафтада Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи, собиқ Фонд Форум васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримова ва унинг ўғирланган пуллари диққат марказида бўлди.
Аввалига ижтимоий тармоқларда Гулнора Каримова қамоқдан озод этилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Олий суд тезкорлик билан бу маълумотни рад этиб чиқди.
Бундан аввал берилган маълумотларга ишонилса, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 21-сон аёллар учун ихтисослаштирилган колонияда сақланаётган эди. QALAMPIR.UZ’даги янги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова жорий йилнинг январь ойида Зангиота туманидаги 42-сонли манзил-колонияга ўтказилган.
У Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Бош прокуратуранинг 2017 йилда берган маълумотларига таянадиган бўлсак, унда Каримовага 2013 йил 24 октябрда бир нечта МЧЖ фаолиятида солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилгани, мазкур жиноят ишини тергов қилиш давомида Гулнора Каримова 2001-2012 йилларда Содиқов, 2013 йилнинг январь ойидан октябрь ойига қадар Мадумаров раҳбарлик қилган уюшган гуруҳнинг жиноий фаолиятига бевосита кўмаклашиб келгани аниқлангани айтилади.
Олий суднинг 2020 йилда берган маълумотига кўра, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилган ва судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топган.
Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланган. Ҳисоблаб кўрилса, Гулнора Каримова 2029 йилнинг январида 56 ёшида озодликка чиқиши керак.
Тошкентда эса унинг пуллари ҳамон муҳокамада. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг билдиришича, Каримованинг Швейцария ҳудудида мусодара қилинган ноқонуний активлари Президент Шавкат Мирзиёев ташаббусига кўра, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига йўналтирилмоқда. Масалан, қайтарилган 131 миллион долларга соғлиқни сақлаш соҳасида республикадаги 230 та перинатал марказ учун 23 турдаги 5 минг 841 дона замонавий тиббий ускуна сотиб олинган. Яна 1 минг 400 дан ортиқ тиббий жиҳозлар олиб келиниши режада бор. 11 минг нафардан ортиқ тиббиёт ходимлари ўқитилган.
Ўзбекистон ва Қирғизистон “Чашма”ни бўлиб олди
Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқароларининг ёқалашишига сабаб бўлган “Чашма” булоғидан энди икки томон ҳам биргаликда фойдаланади. Ўзбекистон Ҳукумати раиси Абдулла Арипов ва Қирғизистон Бош вазири ўринбосари – Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев 24 апрель куни Тошкентда ушбу масала бўйича келишувга эришди.
Ташиев Тошкентга Марказий Осиё давлатлари махсус хизматлари раҳбарларининг биринчи учрашувида иштирок этиш учун келганди. Шу баҳонада ўзбек-қирғиз Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича қўшма йиғилиш ўтказилди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегараси лойиҳа чизиғининг чегаранинг охирги тартибга солинмаган участкасидан ўтиши тўғрисидаги баённома ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ўртасидаги “Чашма” булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги битим лойиҳасининг асосий шартлари тасдиқланди.
Томонлар “Чашма” булоғи икки мамлакатнинг умумий бойлиги эканини алоҳида таъкидлаган. Ўзбекистон фуқароларининг ушбу булоқдан эркин ва тўсиқсиз фойдаланиши, ўзбек томони булоқнинг учдан икки қисмидан фойдаланишини таъминлаш ҳамда манбанинг сув ресурслари ҳажми ва сифатига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни ўзбек томони билан мувофиқлаштириш тўғрисида келишувларга эришилган.
Айтиш ўринлики, 2020 йил 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Сўх тумани Чашма қишлоғининг Қирғизистон Республикаси Боткен вилояти Қадамжой тумани Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган “Чашма” булоғи бўйида Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон фуқаролари ўртасида булоқдан фойдаланиш юзасидан келиб чиққан низо оқибатида оммавий тартибсизликлар рўй берганди.
Ушбу низони бартараф этиш мақсадида Сўх тумани Чашма қишлоғига етиб борган маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига тартиббузарлар томонидан фаол қаршилик кўрсатилиб, уларга турли даражада шикастлар етказилган. Воқеа жойига Бош вазир Абдулла Арипов бориб, аҳоли билан учрашганди.
Прокуратура ходими клиникада вафот этди
Фарғона вилоятидаги хусусий клиникага бурун суягини операция қилдиришга борган прокуратуранинг 32 яшар ходими, 3 нафар фарзанднинг отаси Муҳаммад Ҳусаинов вафот этди. У Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Фарғона вилояти бошқармаси тезкор бўлими ходими бўлган.
QALAMPIR.UZ’га марҳумнинг турмуш ўртоғининг билдиришича, Муҳаммад Ҳусаинов Фарғонадаги хусусий клиникалардан бирига бурун суягини операция қилдириш учун ўз оёғи билан борган, бироқ қайтиб чиқмаган.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, ҳолат бўйича вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Текширув ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиши ҳамда натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Бу Ўзбекистонда беморлар шифохонага ўз оёғи билан кириб, жасади олиб чиқилган ягона ҳолат эмас. Бухорода ҳам 11 яшар бола отоларинголог клиникасида вафот этди. Бунга бироздан кейин тўхталамиз.
Дубайда ўзбеклар пичоқбозлик қилди
Эшитгандингиз-а? Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ўзимизнинг уч нафар ўзбекистонлик яҳудий раввини Цви Коганни ўлдиришда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинганди. Бу воқеа ортидан ўзбекистонликларнинг БААга кириши қийинлашди, борганлар кунлаб аэропортларда қолиб кетган, ўша ерда бўлиб турганларга ишончсизлик ортди. Бу етмагандек, тугаётган ҳафтада яна ўзбекистонликлар Дубайда пичоқбозлик қилгани ҳақида видеолар тарқалди. Хабарларда айтилишича, жанжал оқибатида бир киши вафот этган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳоновнинг айтишича, Дубай шаҳрида ўзбекистонликлар ўртасида юзага келган ҳолат бўйича аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон дипломатлари Дубай жиноят қидирув бошқармаси раҳбарияти билан учрашув ўтказган.
Қайд этилишича, айни вақтда БААда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, 15 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган.
Ташқи ишлар вазирлиги вакили сўнгги вақтларда Ўзбекистон фуқаролари томонидан содир этилаётган қонунбузарлик ҳолатлари кўпайиб бораётгани икки давлат ўртасидаги визасиз тартибга таъсир кўрсатиши мумкинлигини эслатган. Фуқароларни хорижда бўлиб турган ўзбекистонликларнинг шаънига доғ туширувчи ҳаракатлардан тийилишга чақирган.
Ўзбекистонлик Истанбулдаги зилзилада вафот этди
2023 йилнинг февраль ойида Туркияда содир бўлган ва 50 мингдан ортиқ кишининг ёстиғини қуритган зилзила ортидан тез орада Истанбулда ҳам шунга ўхшаш зилзила кутилаётгани айтиб келинаётган эди. Балки ўша, балки бошқа, хуллас 23 апрель куни тушда Истанбулда 6,2 магнитудали зилзила содир бўлди. Талафотлар катта эмас, бироқ унда ўзбекистонлик вафот этди.
Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консуллиги ўзбекистонликнинг вафот этганини тасдиқларкан, марҳумнинг шахсига ҳам, жинсига ҳам, ёшига ҳам аниқлик киритмаган. Фақатгина ўлим марҳумнинг зилзила вақтида кучли қўрқув ҳолатига тушиши оқибатида юз бергани билдирилган.
Шунингдек, Бош консулхона марҳумнинг жасадини Ўзбекистонга юбориш бўйича зарур консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий чораларни кўраётгани айтилган.
UzAutoMotors сотиляпти
UzAutoMotors, Ўзметкомбинат, UMS (Mobiuz), Uzbekistan GTL, Узбекинвест, Навоийазот, Texnopark каби корхоналарнинг давлат акциялари халқаро маслаҳатчилар иштирокидаги аукционга қўйилади. Бу бўйича Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган “Давлат иштирокидаги йирик корхоналарни халқаро бозорларда хусусийлаштириш тўғрисида”ги қарорда сўз борган.
Ҳужжатга кўра, давлат иштирокидаги 29 та йирик корхона устав капиталидаги акциялар пакетини (улушларни) нуфузли халқаро профессионал консультантларни жалб қилган ҳолда оммавий савдоларга чиқарилади. Шунингдек, давлат иштирокидаги 12 та йирик корхона устав капиталидаги акциялар пакетининг халқаро ва маҳаллий фонд бозорларида бирламчи (IPO) ва (ёки) иккиламчи (SPO) оммавий таклифи ўтказилади.
Ушбу қарор давлат иштирокидаги йирик корхоналар ва тижорат банклари фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек, уларни хусусийлаштириш орқали хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш мақсадида қабул қилингани айтилмоқда.
Шунингдек, Президент томонидан имзолаган навбатдаги ҳужжат – “2025 йил учун хусусийлаштириш дастури тўғрисида”ги фармон билан 2030 йил 1 январгача давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этишга мораторий жорий қилинмоқда.
Камбағалнинг тўйи тартибга солинади, бойники...
Ўзбекистонда ўнлаб қарорлар, ҳужжатлар, мажлислар, тақиқлар-у таъқиблар билан тартибга солиб бўлмайдиган масала бор. У ҳам бўлса тўй. Уни юз йилларки тартибга солиб бўлмайди. Сола олишмади. Солишолганда эди Абдулла Авлоний юз йил аввал “Ўзбек халқини тўй балосидан қутқаринг!” демаган ва унинг айтганлари бугун ҳам кун тартибида турмаган бўларди.
Ёки илк ўзбек маршали Алихонтўра Соғуний айтганидек, “Агар ўзбеклар ҳар қандай ишга эрталаб ошга боргандек бирлашганда эди, булардан буюк миллат бўлмасди”.
Хуллас, тугаётган ҳафтада “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони билан Ўзбекистонда тўйларни тартибга солишни назарда тутувчи лойиҳа ишлаб чиқилиши айтилди.
Фармонда қайд этилишича, жорий йилнинг август ойигача тўйлар, оилавий тантаналар, маъракалар ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш бўйича парламент палаталари кенгашларининг қўшма қарори қабул қилинади.
Лойиҳага масъуллар этиб Олий Мажлис палаталари, Маданият вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита белгиланган.
Ўзбекистонга эса навбатдаги ишламайдиган ҳужжатнинг кераги йўқ. Шундоқ ҳам бунгача қабул қилинган қатор ҳужжатлар мавжуд. Масалан, 2019 йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгаши томонидан қабул қилинган “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарорни олайлик. Унда ҳамма нарса аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган. Бироқ катта шов-шувлар билан қабул қилинган ушбу қарор умуман ишламади. Энг қизиғи, қарорни энг аввало ўша амалдорлар, уни қабул қилинганларнинг ўзи бузиб берди ва бузишда давом этяпти. Улар қилаётган дабдаба, шуҳратпарастликни эса оддий одамларнинг чўнтаги кўтармайди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 2020 йил 17 мартдаги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига асосан киритилган 1921-моддага кўра, тўйлар, оилавий тантаналар, маросим ва урф-одатларни ўтказувчи шахс томонидан ушбу тадбирларни ўтказиш тартибига доир талабларга риоя қилмаслик фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари (3,75 миллион сўм), мансабдор шахслар ва муассасалар эгаларига эса 30 баравари (11,25 миллион сўм), такроран бузилганда эса 50 баравари (18,75 миллион сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Хўш, бу тартиб ўзи ишладими? Қайси амалдорлар ижтимоий тармоқларда тарқаб кетган дабдабали оилавий тадбирлари, тўйлари ортидан жаримага тортилди? Борми шунақаси?
11 яшар бола шифохонада вафот этди
Ёдингизда бўлса, ўтган ҳафтадаги дастуримизда айрим уқувсиз, масъулиятсиз шифокорларнинг муолажалари сабаб одамлар, айниқса, болаларнинг саломатлигига жиддий зарар етаётгани, болалар тажриба қуёнчасидек, уларга исталган кучли таъсир қилувчи дорилар тавсия қилинаётгани, Док-1 Макс дорисидан 65 нафар боланинг вафотидан хулоса қилинмагани ҳақида гапиргандим. Мана, сизга натижа: Бухородаги хусусий клиникага отоларинголог кўригига ўз оёғи билан борган 11 яшар боланинг шифохонадан ўлиги чиқди.
Маълум қилинишича, қулоқдаги оғриқ сабаб лор клиникасига мурожаат қилган 11 ёшли беморга дори воситаларининг ҳеч қандай ножўя таъсири бор ёки йўқлигини синаб кўрмасдан укол қилиниши оқибатида бола вафот этган. Марҳумнинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббиёт экспертизаси ҳамда масъул шахсларнинг хатти-ҳаракатлари бўйича хизмат текшируви тайинланган.
Иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни текшириш ҳамда бир қатор тергов ҳаракатлари ўтказиш лозимлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) билан жиноят иши қўзғатилди.
Тармоқларда сиздирилган хабарларда марҳум бола спортчи бўлгани, қулоғи оғриб, отаси билан клиникага мурожаат қилгани, отаси овқат олиб келишга кетганида, шифокорлар болага мажбуран укол қилгани иддао қилинган.
Ҳоким ва ЙҲББ бошлиғи можароси
Наманган шаҳар ҳокими Анвар Отахўжаев вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғидан ҳудудларда ноқонуний ўрнатилган радарларни олиб ташлашни сўраб, ЙҲХБ бошлиғи Мансур Газиевга хат йўллади.
Ҳокимга кўра, жамоатчилик вакиллари ва ёшлар билан ўтказилган учрашувлар ва муҳокама йиғилишларида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўрнатилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари томонидан жарималарнинг қўлланишидан норозилик кайфияти ортиб бориши, айниқса, ижтимоий тармоқларда салбий фикрлар билдирилишига сабаб бўлмоқда. Радарлар Наманган шаҳрининг фуқароларига моддий ва маънавий зарар келтирмоқда.
Ҳоким ўз хатида ЙҲХБ бошлиғидан Наманган шаҳри ва шаҳар таркибидаги Давлатобод ҳамда Янги Наманган туманларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 апрелдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига хусусий секторни жалб этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 232-сонли қарорига асосан тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларни ўрнатиш ва эксплуатация қилиш тартиби тўғрисидаги Низомига зид равишда ўрнатилган камераларни KAAT тизимидан ўчиришни ҳамда улар томонидан қайд этилган қоидабузарликларга жарималар қўллаш ишларини тўхтатишни, фақат улардан хавфсизлик мақсадида фойдаланишни сўраган.
Хўш, сизнинг ЙҲХБ бошлиғи ҳокимнинг мактубга лаббай деб жавоб қайтариб, у кўтарган масалани ҳал қилди-ю радарлар фаолиятини тўхтатди, деб ўйлайсизми? Чучварани хом санабсиз. Аксинча, Газиев ҳокимга жавоб мактубини йўллаб, ҳокимлик тасарруфидаги автомобиллар томонидан бузилган йўл қоидалари бўйича жарималарни тўлаб қўйишни эслатди.
Хатда Наманган шаҳар ҳокимлигига тегишли Captiva машинасида 2024 йилдан ҳозиргача 47 марта ҳуқуқбузарлик содир этилгани айтилган. Ушбу қоидабузарликларда 11 тасининг жаримаси (8 млн сўмдан ортиқ) эса ҳалигача тўланмаган.
Қолаверса, шаҳар ҳокимлигининг яна 4 та транспорт воситалари 41 та қоидабузарлик бўйича 18 миллион 750 минг сўм, Давлатобод ва Янги Наманган туманлари ҳокимликлари тасарруфидаги 6 та автомобилнинг 46 та қоидабузарлиги бўйича 16 миллион 307 минг сўм миқдорида муддати ўтган тўланмаган жарималари борлиги маълум қилинган. Умумий ҳисобда ҳокимликларнинг тўланмаган 87 та жарималари мавжуд бўлган.