Умурзоқовнинг қайтиши, Украинага НАТО эшикларининг ёпилиши – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Россия ва Қўшма Штатлар ўртасидаги алоқаларни тиклаш жараёни давом этмоқда. Бу борада Ар-Риёддан кейинги манзил Истанбул бўлди.

Аммо Украина билан ҳозирча бундай деб бўлмайди. 28 февраль куни Оқ уйда Трамп ва Зеленский ўртасидаги тарихий жанжалдан сўнг АҚШдаги янги маъмурият Украинага ёрдам масаласини қайта кўриб чиқиш эҳтимоли йўқ эмас.

Президент Администрациясининг собиқ раҳбари ва кейинчалик Президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси Сардор Умурзоқов узоқ танаффусдан кейин илк бор расмий учрашувда қатнашди.

Россия ва АҚШ орадаги масофа қисқармоқда

АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатларни тиклаш бўйича музокараларнинг 3-раунди якунланди. Биринчиси икки давлат раҳбарлари ўртасидаги телефон мулоқоти бўлган бўлса, мазкур мулоқотнинг давоми сифатида кўрилган Ар-Риёддаги музокаралар иккинчи босқич эди. Унда икки давлатнинг Бош дипломатлари АҚШдан Марко Рубио ва Россия томонидан эса Сергей Лавров ва Юрий Ушаков иштирок этганди. Ўша учрашувда иштирок этганлар жараённинг ўз вақтида ва самарали давом этишини таъминлаш учун доимий алоқада бўлишга келишиб олганлиги айтилганди. Ростдан ҳам икки ўртада сўнгги йилларда бузилган муносабатларни тиклаш жараёни изчил давом этяпти. Чунки Риёддаги музокаралардан 10 кун ҳам ўтар-ўтмас, 27 февраль санасида икки давлат делегациялари Истанбулдаги АҚШ Бош консуллигида учрашди. Делегация аъзоларининг мавқейи Ар-Риёддаги каби жуда юқори бўлмаса-да, бу учрашув 3 йилдан буён ортга кетган Вашингтон ва Москва муносабатларини тиклаш йўлида ташланган навбатдаги қадам сифатида баҳоланмоқда. Истанбулдаги музокараларда Америка делегациясига АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Соната Коултер, Россия делегациясига эса Ташқи ишлар вазирлигининг Шимолий Атлантика департаменти директори Александр Дарчиев бошчилик қилган. Истанбулдаги учрашув маҳаллий вақт билан соат 10:00 да бошланган бўлиб, 6 соатдан ортиқ давом этди. Музокаралар узоқ вақт давом этган бўлса-да, икки ўртада нималарга келишиб олингани ёки қайси масалалар муҳокама марказида бўлгани ҳақида батафсил маълумотлар кам. Чунки қайд этилишича, Россия Федерацияси делегацияси музокаралар олиб борилган Америка Бош консули қароргоҳини изоҳсиз тарк этган ва матбуотга ҳеч нима ошкор этилмаган. Бироқ шундай бўлса-да, кейинчалик 27 февраль куни Истанбулда бўлиб ўтган Россия-Америка учрашуви юзасидан АҚШ Давлат департаменти баёнот берди. Ушбу баёнотда айтилишича, учрашув дипломатик миссиялар фаолияти билан боғлиқ масалаларга бағишланган. Америка Қўшма Штатларининг баёнотига кўра, мазкур муҳокамалар натижасида томонлар дипломатик миссиялар фаолиятини барқарорлаштириш бўйича аниқ дастлабки қадамларни белгилаб олган. АҚШ банк ва шартнома хизматларидан фойдаланиш, шунингдек, АҚШнинг Москвадаги элчихонаси ходимларининг барқарор даражасини таъминлаш заруратидан хавотир билдирган. Шунингдек, АҚШ давлат департаменти баёнотида келтирилишича, Давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Коултер ва элчи Дарчиев яқин вақт ичида ушбу масалалар бўйича навбатдаги учрашув ўтказишга келишиб олган. Бунинг учун сана, учрашув жойи ва вакиллик белгиланиши керак, холос.

Аммо Дональд Трамп АҚШ Президенти ва Россиянинг Украинадаги босқинчилик ҳаракатларига қарши тура оладиган дунёдаги ягона куч сифатида ўз таъсирини бутунлай йўқотишни истамаяпти. У Кремль ва Оқ уй орасидаги совуқчиликка барҳам бериш билан бир қаторда Путиннинг амбицияларини сиртдан чегараламоқда. Бунинг исботи ўлароқ, Трамп 2014, 2018 ва 2022 йилларда турли АҚШ президентлари томонидан жорий қилинган санкциялар муддатини узайтирганини мисол қилиб келтириш мумкин. АҚШ Федерал реестрида санкцияларни узайтириш ҳақида келтирилган ҳужжатга мувофиқ барча чекловлар 2025 йил 6 мартдан кейин ҳам амалда қолиши таъкидланган. Дональд Трамп бундай қарордан бир неча кун олдин ҳам Россияга қарши санкцияларни бекор қилиш масаласини кўриб чиқмаётгани ва бу Кремль билан музокараларнинг бир қисми эмаслигини маълум қилганди. Аммо у мазкур масала барибир қачонлардир муҳокама қилиниши ҳам қўшимча қилганди. 26 февраль куни эса Трамп журналистлар билан суҳбатда АҚШ Россияга қарши санкцияларни бекор қилишга тайёр экани, бироқ бу фақат Россия-Украина уруши якунлангандан кейин содир бўлишини таъкидлади.

Путин эса АҚШ билан Россия ўртасида шаклланаётган яхши алоқаларни сақлаб қолишга бор кучи билан ҳаракат қиляпти. У 27 февраль куни Федерал хавфсизлик хизмати ҳайъати йиғилишида Ғарбдаги айрим элиталарга Россиянинг АҚШ билан яқинлашуви ёқмаётганини билдирди. Путин уларни дунёда беқарорликни сақлаб қолишга ҳаракат қилаётганликда айблади. У мазкур вазиятни ҳисобга олган ҳолда дипломатия ва махсус хизматларнинг барча имкониятларидан фойдаланиб Ғарб томондан содир этилиши мумкин бўлган эҳтимолий бузғунчиликларни олдини олиш лозимлигини айтди.

“Биз тушунамизки, Россия-Америка алоқаларининг тикланиши ҳаммани ҳам қониқтирмайди. Баъзи Ғарб элиталари ҳали ҳам дунёда беқарорликни сақлаб қолишга қарор қилишмоқда. Бу кучлар эса бошланган мулоқотни бузиш ёки муроса қилишга уринади, буни биз кўриб турибмиз. Биз буни ҳисобга олиб, дипломатия ва махсус хизматларнинг барча имкониятларидан фойдаланиб, бундай уринишларнинг олдини олишимиз керак”, деди Россия Президенти.

Россия раҳбарининг айтишича, Американинг янги маъмурияти ва Россия ўртасидаги алоқалар умид уйғотмоқда. Унинг таъкидлашича, икки ўртада давлатлараро муносабатларни тиклаш, жаҳон архитектурасида тўпланиб қолган улкан ва тизимли стратегик муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиш бўйича алоқалар мавжуд.

Умурзоқов яна фаоллашди

Сардор Умурзоқов узоқ танаффусдан кейин илк бор Ўзбекистон номидан расмий учрашув ўтказди. Ўзбекистон Президентининг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритаётган Сардор Умурзоқов Хитой пойтахти Пекинда қатор учрашувлар ўтказди. Маълум бўлишича, Умурзоқов 24 февраль куни Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Лю Цзяньчао билан, 25 февраль куни эса Хитой Коммунистик партияси Сиёсий бюроси аъзоси, Марказий қўмита тарғибот бўлими мудири Ли Шулэй билан учрашган. “Синьхуа” агентлиги хабарида томонлар икки давлат раҳбарлари эришган муҳим келишувларни амалга ошириш, партиялараро алмашинувни кучайтириш, давлат бошқаруви соҳасида ўзаро тажриба алмашишни чуқурлаштириш юзасидан фикр алмашгани айтилади. Ўз навбатида, Сардор Умурзоқов Ўзбекистон Хитой билан барча соҳаларда алмашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга, шунингдек, икки давлат раҳбарлари белгилаган йўналишда икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришга кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.

Деярли бир ярим йилдан буён жуда камнамо бўлган Умрзоқов жорий йилни янги ваколатлар билан бошлаганди. 2024 йил 31 декабрда қабул қилинган “Мамлакатнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ривожланиш соҳаларидаги стратегик таҳлил ва тадқиқот қилиш фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига кўра унга қатор янги вазифалар юклатилганди. Жумладан, қарорга кўра, таҳлилий ва тадқиқот тузилмалар фаолиятини ташкил қилиш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди. Ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ривожланиш бўйича узоқ муддатли стратегик таҳлилий ҳужжатларни ҳамда мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатига оид таклифларни мунтазам равишда Президентга киритиб бориш Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди. Мувофиқлаштирувчи кенгаш ички ва ташқи сиёсат жараёнлари бўйича стратегик тадқиқотларни ташкил қилиш ҳамда уларни ўтказишнинг барча жараёнларини мувофиқлаштириш масалаларига масъул бўлган маслаҳат органи сифатида қарор топди. Бу кенгаш фаолиятини тўғри йўлга қўйиш, умумий мувофиқлаштириш ҳамда идоралараро ҳамкорликни таъминлаш эса Президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси, яъни Сардор Умрзоқов томонидан амалга оширилиши белгиланди. Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилмасида қуйидаги йўналишларга масъул бўлган ишчи гуруҳлар ташкил қилиниши белгиланди.

Булар:

  • хавфсизлик ва ижтимоий барқарорлик;
  • давлат ва жамият қурилиши;
  • ижтимоий-иқтисодий ривожланиш;
  • ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорлик;
  • ҳудудларни стратегик режалаштириш ва ривожлантириш;
  • экологик кун тартиби, шу жумладан иқлим ўзгариши ва сув тақчиллиги каби масалалар билан шуғулланувчи гуруҳлардир.

Умрзоқовнинг Хитойга ташрифи унинг узоқ вақт давом этган камнамолиги якунига етганидан далолат берадими ёки йўқ бу ҳозирча номаълум. Аммо унинг 2022 йилнинг 16 июлидан 2023 йилнинг 17 августигача Президент Администрацияси раҳбари сифатидаги жуда фаол сиёсий фаолияти кўпчиликнинг эсида. Аммо юқорида таъкидланганидек, 2023 йил 17 августда у ушбу лавозимдан озод этилди. Умрзоқовнинг нима учун бу лавозимдан олингани сабаблари очиқланмади, аммо унинг кетиши ортидан Президент Администрацияси раҳбари лавозими ҳам тугатилди. Сардор Умурзоқов эса ишсиз қолгани йўқ. У шу куннинг ўзида Президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Аммо айнан шу кундан бошлаб у жамоатчиликка илгаригидек кўриниш бермади.

2023 йилнинг августидан буён деярли ҳеч қаерда кўриниш бермаган собиқ Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов ўтган йил июнь ойида бу “жимжитлик”ка нуқта қўйди. Унинг Ҳаж амалларини бажараётгани ва Макка шаҳрида тушган сурати ижтимоий тармоқларда тарқалди. Умрзоқов ўшанда бошқа ўзбекистонлик зиёратчилар қаторида “Al Alayam Elite” меҳмонхонасига жойлашган ва “Оддий одамлар қатори Ҳаж амалини бажаргани келдим”, деган. Орадан бир ой ўтиб, 28 июлда Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий тараққиёт, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабарти билан ўзининг Х платформасидаги саҳифасида Сардор Умрзоқов ва Грузиянинг собиқ Бош вазири Георгий Квирикашвили билан учрашгани ҳақида ёзди. Чакрабарти ўшанда Умурзоқов ва Квирикашвилини икки ислоҳотчи деб атаган.

“Бугун кечқурун Президентнинг махсус ишлар бўйича маслаҳатчиси Сардор Умурзоқов ва Грузиянинг собиқ бош вазири Георгий Квирикашвили билан аъло даражада мулоқот ўтказдик. Икки ислоҳотчи ўз мамлакатлари учун кўп ишлар қилишган”, деб ёзган Чакрабарти.

Европа товарларига 25% бож. Украинага эса НАТОда жой йўқ

Жорий ҳафта 26 февраль куни Дональд Трамп президентлигининг иккинчи давридаги илк ҳукумат йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишда АҚШ Президенти томонидан ЕИ ва Украинага нохуш хабар йўлланди. Хусусан, Трамп АҚШ тез орада Европа Иттифоқидан импорт қилинадиган товарларга 25 фоиз миқдорида бож жорий қилиниши ва бу ҳақдаги қарор аллақачон қабул қилинганини маълум қилди. У шунингдек, ЕИ Қўшма Штатларни синдириш учун ташкил этилгани ва буни аъло даражада амалга оширганини таъкидлаб, кўп эҳтимол икки ўртадаги божлар сиёсатининг хилма-хиллигига ишора қилди.

“Биз қарор қабул қилдик ва уни тез орада эълон қиламиз. Умумий маънода бу 25 фоизни англатади ва у автомобиллар ҳамда шунга ўхшаш нарсаларга тааллуқли бўлади... Мен Европа мамлакатларини яхши кўраман. Аслида мен барча мамлакатларни кўп жиҳатлари учун яхши кўраман, лекин Европа Иттифоқи Қўшма Штатларни синдириш учун ташкил этилган. Мақсад шу эди ва улар бу вазифани аъло даражада бажарди”, дейди у.

Трампнинг сўзларига кўра, бу чоралар америкалик ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш ва бозорда маҳаллий товарлар учун тенг шароитлар яратишга қаратилган. У, шунингдек, божларнинг жорий этилиши Европа Иттифоқининг савдо сиёсатига жавоб ва Америка иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш имконияти эканини айтган. “Reuters” ахборот агентлигига кўра, Европа Иттифоқида енгил автомобилларга 10 фоизлик божхона тўловлари амал қилади. Бу АҚШ божхона тўловларидан тўрт баробар юқори бўлиб, АҚШда бу кўрсаткич 2,5 фоизни ташкил этади. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи мамлакатларидаги 17,5 фоиз ва ундан юқори миқдордаги қўшилган қиймат солиғи ҳам Америка расмий вакиллари норозилигининг асосий сабабларидан бири экани айтилади.

ЕИ эса Трампнинг танқидига муносабат билдириб, иттифоқ – дунёдаги энг йирик эркин бозор экани ва унинг аъзоларини адолатли савдо йўлидаги асоссиз тўсиқлар ҳамда тарифларга қатъий ва тезкор жавоб бериш билан огоҳлантирди. Иттифоқ расмийлари бундай огоҳлантириш билан олдин ҳам чиққанди. Аммо божлар ҳали оширилгани йўқ ва масалани “савдо уруши”гача олиб бормасдан ҳал қилиш имкони ҳали ҳам мавжуд. Шундай экан, ушбу огоҳлантиришлар фонида Европа Иттифоқи расмийси қитъа бозорида “савдони енгиллаштириш, америкалик экспортчилар учун харажатларни камайтириш ҳамда 27 мамлакатдаги стандартлар ва қоидаларни уйғунлаштириш”га ваъда берган.

Юқорида Европа Иттифоқининг айрим маҳсулотларига 25% лик тарифлар жорий қилинишини Трамп АҚШ янги ҳукуматининг биринчи йиғилишида маълум қилгани айтилди. Айнан шу йиғинда Қўшма Штатлар етакчиси Украина хавфсизлигининг тақдири борасида ҳам хавотирли баёнотлар берди. Дональд Трамп Вашингтон Киевга қўшимча хавфсизлик кафолатларини таклиф қилмаслигини, бу масалани Европага топширишини айтди. Шу билан бирга, АҚШ Президенти Украинага НАТОга аъзолик ҳақида “унутиши” кераклигини билдирган. Унинг фикрича, уруш айнан Украинанинг Шимолий Атлантика альянсига аъзо бўлиши масаласи туфайли бошланган.

“Мен мавжуд кафолатлардан ташқари яна қўшимча кафолатлар беришни режалаштирмайман. Биз бу масалани Европага топширамиз. Аммо, албатта, ҳаммасининг яхши кечишини таъминлашга ҳаракат қиламиз”, деди Трамп.

Шунингдек, у Вашингтон Европа тинчликпарвар кучлари Украинага жойлаштирилиши масаласида Европани қўллаб-қувватлаши мумкинлигини маълум қилиб, урушни тўхтатишга муваффақ бўлишига ишонч билдирган. Трамп келишув Украина учун “яхши” бўлишига ҳаракат қилишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Украинага йўқотилган ҳудудларнинг бир қисмини қайтариб олишда ёрдам беришга уриниб кўради, бироқ бу мураккаб жараён бўлади.

Оқ уйдаги “олишув”дан кейинги ҳолат

Оқ уйда кеча, 28 февраль куни бўлиб ўтган тарихий жанжалдан сўнг Украина ва АҚШ муносабатлари жиддий синовга дуч келди. Зеленский Трамп билан бўлган шов-шувли тортишувдан сўнг, дарҳол Франция Президенти Эммануэль Макрон, НАТО Бош котиби Марк Рютте ва Европа Иттифоқи Кенгаши раҳбари Антониу Кошта билан телефон орқали суҳбатлашгани маълум бўлди. Қўшма Штатлар эса расмий Киевга нисбатан чоралар кўришни бошлаб юборгани айтилмоқда. Дастлаб тармоқларда АҚШ Украинанинг энергетика соҳасини молиялаштиришни тўхтатгани ҳақида хабарлар тарқалди. Шундан сўнг “The Washington Post” нашри Дональд Трамп администрацияси Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Оқ уйдаги Овал кабинетда билдирган баёнотларига жавобан, Украинага барча ҳарбий ёрдам етказиб беришни тўхтатиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Манбага кўра, қарор миллиардлаб долларлик таъминотга, жумладан, радарлар, зирҳли техникалар, ўқ-дорилар ва ракеталарга таъсир қилиши мумкин.

CBS News маълумотларига кўра, Зеленскийнинг Оқ уйга ташрифи 10 дақиқалик баҳс-мунозарага айланганидан кейин Украина расмийлари табиий ресурслар бўйича келишувни қайта тиклашга ҳаракат қилган. Бироқ уларга мулоқотни давом эттириш фойдасиз экани айтилган. Нашр манбаларига кўра, АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтц Зеленскийдан Оқ уйни тарк этишини сўрашдан олдин унга катта хатога йўл қўйганини ва бу билан ҳам Украина, ҳам АҚШга зарар етказганини билдирган. Зеленский Оқ уйдан чиққанидан сўнг Европа мамлакатлари расмийлари Вашингтонга қўнғироқ қилиб, қандай қилиб келишувни сақлаб қолиш мумкинлигини сўраган. Бироқ Трамп Зеленский билан ортиқ гаплашишни истамаган ва унинг администрациясида ҳам энди ҳарбий ҳаракатларни тугатишда қандай ёрдам бериш мумкинлиги борасида ишончсизлик пайдо бўлган. “Axios” нашрига кўра эса, Трампнинг жаҳлини чиқарган яна бир кичик, аммо муҳим омиллардан бири бу – Зеленскийнинг костюм киймагани бўлган. Манбаларнинг айтишича, Трамп маслаҳатчилари бир неча бор Зеленскийнинг жамоасига Оқ уйга ташриф чоғида ҳарбий услубдан воз кечиш янада ҳурматлироқ бўлишини тушунтирган. Аммо кўриниб турибдики, Зеленский бундай тавсияни эътиборсиз қолдирган. Можароли учрашувдан сўнг, Зеленский “Fox News”га интервью берди ва Трампнинг унга нисбатан “урушни тўхтатишни хоҳламайди” деган сўзларига жавобан, “ҳеч ким украиналикларчалик урушнинг тугашини истамайди”, деб жавоб берди. У шунингдек, Оқ уйдаги учрашувда ҳеч қандай хато қилмаганини айтиб, Трампдан узр сўрашдан бош тортди. 


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Истанбул Дональд Трамп Европа Иттифоқи Украина Владимир Зеленский Оқ уй Сардор Умрзоқов Ар-Риёд Россия ва Қўшма Штатлар Трамп ва Зеленский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг