Ҳафта кунларини жуфт ва тоқ рақамли автомобилларга бўлиш таклифи берилди
Жамият
−
13 Январь
13833Бош прокуратура ва Экология вазирлиги масъуллари иштирокида Тошкент шаҳридаги ҳаво ифлосланиши муаммоси кўриб чиқилиб, бир неча таклифлар берилди. Бу ҳақда Бош прокуратура маълум қилди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамкорлигида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг ифлосланиши ҳақидаги хабарлар ва уларга сабаб бўлаётган ҳолатларнинг муҳокамаси ўтказилган.
Унда Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Ўктам Ўтаев иштирок этиб, Президент ташаббуслари билан мамлакатда “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида 85 млн тупдан ортиқ дарахт экилгани, Орол денгизининг қуриган тубида 1,8 миллион гектар майдонда ёки биргина Сурхондарёда қурғоқчиликка чидамли 3 млн туп ўсимликлардан иборат яшил ҳудудлар барпо этилгани айтиб ўтилган.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг ифлосланиши сабабларига тўхталиб, шаҳарда сунъий кўллар, сув ҳавзалари, яшил қопламаларнинг камайиб кетгани, минтақада сув танқислиги сабаб чўллашишнинг кенгайиб бораётгани, автотранспорт воситалари, ёқилғи энергетикаси ҳамда сувдан тежамкорлик билан фойдаланишда муайян қонун бузилиш ҳолатларига чек қўйилмаётгани, атмосферага меъёридан ортиқ ташламалар ташланаётганига урғу берган.
Йиғилиш якуни бўйича атмосфера ҳавосини “Автомобилсиз кун”, ҳафта кунларини жуфт ва тоқ рақамли автомобилларга бўлиш, жамоат транспорт воситаларидан фойдаланишни кенгайтириш, стандарт минимумини “Евро-4”га кўтариш, саноатда кўмир ёқилғисидан воз кечиш ва шу каби кўплаб таклифларни ишлаб чиқиш ва реализация қилишга келишилган.
Эслатиб ўтамиз, Экология вазирлиги Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланиб бораётганининг сабабларини маълум қилиб, унинг салбий оқибатларини камайтириш бўйича таклифлар берганди.