Тошкентда AI-80 маркали бензиндан фойдаланиш тақиқланиши мумкин
Жамият
−
12 Январь
8771Пойтахтда автомобилларга AI-80 маркали бензинни қуйиш тақиқланиши мумкин. Бу ҳақда Экология вазирлиги томонидан Тошкент шаҳри ҳавосининг ифлосланиши ва унинг салбий оқибатларини камайтириш бўйича таклифларида келтирилган.
Унга кўра, Тошкентда ўртача 730 мингта автомобиль ҳаракатланиши, қўшимча равишда ҳудудлардан 160 мингдан 300 минггача автомобиль кириб келиши қайд этилган. Айниқса, AI-80 маркали бензиндан фойдаланувчи техника воситалари атмосферага меъёридан ортиқ зарарли ташламалар чиқармоқда.
Вазирлик Тошкентда атмосфера ҳавосига кўрсатилаётган салбий оқибатларни камайтириш учун "Евро-4" стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғидан (AI-80 русумли бензин) фойдаланишни тақиқлашни таклиф қилмоқда.
Шу билан бирга, тирбандликни камайтириш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш учун пойтахтда куннинг тиғиз вақтларида (07:00 — 10:00 ва 17:00 — 20:00) юк ташиш учун мўлжалланган, вазни 3,5 ва 12 тоннадан ортиқ транспорт воситаларининг ҳаракати чекланиши мумкин.
2010 йилгача ишлаб чиқарилган барча тоифадаги автомобиллар ҳаракатланишини тақиқлаб, электромобилларга ўтишда имтиёзлар, переференциялар ва субсидиялар беришни йўлга қўйиш илгари сурилмоқда.
Жамоат транспортини тўлиқ электр, газбаллон ёқилғиси ва бошқа муқобил ёқилғи турларига ўтказиш, йўл инфратузилмасини ҳамда марказий кўчаларда автомобилсиз ҳудудларни ташкил қилиш таклиф этилмоқда. Тажриба тарзида автомобиллар ҳаракатини мақбуллаштириш учун “тоқ ва жуфт” кунларда бошқариш қоидаси жорий этилиши мумкин.
LiveБарчаси