Тошкент ҳавосининг ифлосланиши сабаблари очиқланди
Жамият
−
12 Январь
22284Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланиб бораётганининг сабабларини айтди.
Унга кўра, пойтахт атмосфера ҳавосининг ифлосланишига қуйидаги омиллар таъсир этмоқда:
1. Тошкентда яшил ҳудуд камайгани. Жумладан, дарахтлар ва буталарнинг кесилишига эълон қилинган мораторий даврида 49 мингга яқин дарахтлар ноқонуний кесилган.
2. Қурилиш ишларининг бетартиб амалга оширилаётгани. Хусусан, Тошкент шаҳрида бир неча маротаба қурилиш ишларини амалга оширмаслик бўйича мораторий эълон қилинганига қарамай, жараёнлар давом этмоқда.
3. Автотранспорт воситалари сонининг ортиб кетиши. Жумладан, Республика бўйлаб автомобиллар сони 2021 йилда 3,14 миллион донани ташкил этган. 2023 йилга келиб эса уларнинг сони 4,6 миллионга етди. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида бир кунда ўртача 730 мингта автотранспорт воситаси ҳаракатланади. Шунингдек, ҳудудлардан 160 мингдан 300 минггача автотранспорт воситаси кириб келмоқда. Халқаро стандартларга тўғри келмайдиган АI-80 маркали бензиндан фойдаланаётган техника воситалари эса атмосферага меъёридан ортиқ зарарли моддалар чиқармоқда.
4. Тирбандликларнинг кўпайиши. Шаҳарларда транспорт ва пиёдалар оқимининг кесишмалари сони камайтирилмаган, магистраллардаги юклама даражаси пасайтирилмаган, транспорт оқими таркибини, тезлик режимини тартибга солиш цикли оптималлаштирилмаган, йўл ҳаракат тўғри ташкил этилмаган. Оқибатда Тошкентда тирбандлик ҳолатлари кўп кузатилмоқда. "Пробка"даги автомобиль эса ҳаракатланаётган автомобилга нисбатан атмосферага кўпроқ чиқинди чиқаради.
5. Углеводородлардан, жумладан, кўмир ёқилғисидан фойдаланиш ҳажмининг ортгани. Хусусан, 2019 йилда 3,9 милллион тонна кўмир ёқилғисидан фойдаланилган бўлса, 2022 йилда бу рақам 5,3 милллион тоннага, 2023 йил якунига кўра эса 6,7 миллион тоннага етган. Кўмир ёқилғисини қазиб олиш, ташишдан то фойдаланишгача бўлган жараёнда ажралиб чиқувчи ифлослантирувчи моддалар эса атроф-муҳит, жумладан, атмосфера ҳавоси, тупроқ ва сув ресурсларининг ифлосланишига олиб келади.
6.Иссиқлик марказлари томонидан қўшимча ёқилғи сифатида мазут ёқилғисидан фойдаланиш. Маълумотларга кўра, биргина Тошкент шаҳридаги мавжуд 6 та иссиқлик марказларининг 9 та қозонхоналарида декабрь ойида 3 минг тонна мазут ёқилғисидан фойдаланилган. Бу атмосфера учун зарарлидир.
7. Табиий омиллар. Тошкент ҳавоси ифлосланишига шамол йўналиши ва тезлиги, ҳаво ҳарорати, қуёш радиацияси, атмосфера ёғинларининг миқдори ва давомийлиги, ҳарорат инверсиялари (вертикал бўйича аралаш зарраларнинг тарқалиб кетишига тўсқинлик қилувчи илиқ ҳаво қатлами) ва бошқа табиий омиллар ҳам сабаб бўлмоқда. Тошкент шаҳри тоғлар билан ўралган ва чуқурликда жойлашган. Шу сабабли шамол айланмаслиги ҳисобига чанг ҳаво оқими шаҳарда туриб, димланиб қолади ва табиий йўл билан чиқиб кетмайди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 11 январь куни тонгги соат 8:00 даги маълумотларга кўра, пойтахтда ўрнатилган диспетчерлар ҳавонинг зарарлилик даражаси меъёридан 17 баробар ортиб кетганини кўрсатганди.